Кириш
Ниҳон калималар деб аталувчи мазкур китоб, дурга қиёс бўлмиш 153 дона афоризм мажмуидан иборатдир; китобни ҳар бир инсон учун камолотга интилишида ва илоҳий оламларга руҳий парвоз этишида ҳидоятнома сифатида таърифлаш мумкин. Ҳазрати Баҳоуллоҳнинг «Ниҳон калималар»даги асосий мақсади, инсон юрагининг покланиши, яъни инсоннинг ушбу ўткинчи дунёдан озод бўлиши ва унинг ашаддий душмани бўлмиш ўз нафси амморасидан ҳимоя қилинишидадир…
Ул Зотнинг таълимотига кўра, бу дунё ва ундаги жамийки нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Инсон ўзи мушарраф бўлган жамийки эзгуликларга эга бўлиши мумкин, ва ҳаёт унга тақдим этган барча қонуний ҳузур-ҳаловатдан роҳатланиши мумкин. Аммо, ҳеч қачон уларга юракдан боғланиб қолиши керак эмас, ҳеч нарса инсон ва илоҳ ўртасида тўсиққа айланмаслиги керак. Ниҳон калималарни тушуниш учун киши, инсонларга хос иккиламчи бўлган руҳий ва жисмоний табиат хусусиятини, ҳам руҳ ва ҳам вужуд нуқтаи назаридан тушуниши керакки, бу икки ибтидо ҳам ўзаро боғлиқ ва ҳам бир-бирининг айнан аксидир.
Ниҳон калималар
1-қисм
Араб тилидан
У Шонлилар шонлисидир!
Қувват ва қудрат тили ила, иззат жабарутидан қадимдан Набиларга нозил этилмиш будир. Биз унинг жавҳарини олиб, тақводорларга фазл сифатида ихчамлик либосига ўрадик, токи улар Оллоҳ Аҳдига вафо этсинлар, ўз ҳаётларида Унинг ишончини оқласинлар, ҳамда, Руҳ дунёсида илоҳий тақво жавоҳирига сазовор бўлсинлар.
1. Эй, руҳ ўғли!
Илк насиҳатим ушбудир: қалбинг пок, меҳрибон ва мунаввар бўлсинки, азалий, доимий ва боқий салтанатга эришурсан.
2. Эй, руҳ ўғли!
Инсоф Мен учун ҳамма нарсадан маҳбубдир; гар Мени десанг уни тарк этма ва аминлигимни истасанг ундан ғофил қолма. Инсоф кўмаги ила бировнинг нигоҳи билан эмас, балки, ўз нигоҳинг билан ҳамма нарсани кўрурсан; атрофдагиларнинг маърифати билан эмас, балки, ўз маърифатинг билан идрок этурсан. Қандай бўлишинг кераклигини чин юракдан тафаккур қил. Ҳақиқатда, инсоф Менинг сенга туҳфам ва Менинг латиф ғамхўрлигим нишонасидирки, уни кўз олдингда тут.
3. Эй, инсон ўғли!
Зотимнинг қадимлигида ва борлиғимнинг азалияти ичра ниҳон эканман, сенга муҳаббатимни билдим ва сени яратдим; сенда Ўз сиймомни ўйдим ва сенга Ўз жамолимни зоҳир этдим.
4. Эй, инсон ўғли!
Сенинг яратилишингни севдим, шунинг учун сени яратдим. Мени севким, токи сени зикр этгум ва қалбингни ҳаёт руҳи ила тўлдиргум.
5. Эй, мавжудлик ўғли!
Мени севким, Мен ҳам сени севай. Гар Мени севмасанг, Менинг муҳаббатим ҳеч важ ила сенга етмас. Буни бил, эй, банда.
6. Эй, мавжудлик ўғли!
Сенинг беҳиштинг Менинг муҳаббатимдир ва Сенинг жаннатинг Менинг висолимдир. Унга дохил бўл, иккиланма, аъло аршимизда ва юксак жабарутимиздаги сенинг тақдиринг бундадир.
7. Эй, инсон ўғли!
Гар Мени севсанг, ўзингдан юз ўгир, гар розилигимни излаётган бўлсанг, ўз розилигингни унут. Менда фоний бўл, Мен эса сенда боқий бўлай.
8. Эй, Руҳ ўғли!
Нафсингдан воз кечиб, Менга қайрилмас экансан, ором топмассан, зеро, сен учун ўз исминг билан эмас, Менинг исмим билан фахрланмоқ лойиқдир; ўзингга эмас, Менга таваккул қил, чунки, Мен танҳо ва ҳар нарсадан устун севилмоқни истайман.
9. Эй, мавжудлик ўғли!
Менинг муҳаббатим қалъамдир; унга дохил бўлган кимса нажот топар ва амину-омон бўлар, ундан юз ўгирган эса, йўлдан озар ва ҳалок бўлар.
10. Эй, баён ўғли!
Сен Менинг қалъамсан, унга дохил бўлгинки, саломат бўлурсан. Менинг муҳаббатим сендадир; уни англа, шунда, Мени ўзингга яқин топурсан.
11. Эй, мавжудлик ўғли!
Сен Менинг чироғимсан, Менинг ёруғлигим сендадир; ундан нурлан ва Мендан ўзгани излама; чунки, Мен сени ғаний қилиб яратдим ва сенинг узра неъматимни тўлиғича тўкдим.
12. Эй, мавжудлик ўғли!
Сени қувват қўллари ила яратдим ва қудрат бармоқлари ила ясадим; сенинг ичра Ўз нурим жавҳарини омонат этиб жойладим, бунга қаноат қил ва ўзгани излама, Менинг асарим мукаммалдир ва ҳукмим вожибдур; унга шак-шубҳа этма.
13. Эй, Руҳ ўғли!
Сени ғаний қилиб яратдим, нега ўзингни фақирликка урасан? Сени олийжаноб этиб бунёд этдим, нега ўзингни залил тутасан? Илм моҳиятидан Мен сени бор айладим, нега сен Мендан ўзгадан илм излайсан? Муҳаббат лойидан Мен сени ясадим, нега ўзга ила машғул бўласан? Нигоҳингни ўзингга қарат ва ўзингдаги Қувватли, Қудратли ва Қайюм турган Мени топурсан.
14. Эй, инсон ўғли!
Сен Менинг салтанатимсан, Менинг салтанатим эса, хароб бўлмас, нега хароб бўлишдан қўрқасан? Сен Менинг нуримсан, Менинг нурим эса ўчмас; нега ўчишдан ваҳимага тушасан? Сен Менинг шавкатимсан, Менинг шавкатим эса сўнмас. Сен Менинг либосимсан, Менинг либосим эса тўзимас. Менга бўлган муҳаббатингда ором топгинки, уфқи аълода Мени топгайсан.
15. Эй, баён ўғли!
Юзингни Менга қарат ва Мендан ўзгадан воз кеч, чунки Менинг ҳукмронлигим боқий ва асло завол топмас, Менинг салтанатим доимий ва асло маҳв бўлмас. Гар Мендан ўзгани излаб, коинотни азалу-абад ахтариб чиқсанг ҳам, изланишларинг фойда келтирмас.
16. Эй, нур ўғли!
Мендан ўзга бор нарсани унут ва Менинг Руҳимга мунис бўл. Ушбу Менинг амримнинг моҳиятидир, уни қабул эт.
17. Эй, инсон ўғли!
Мендан рози бўл ва Мендан ўзга мададкор излама. Чунки Мендан ўзгаси сенга асло кифоя бўлмас.
18. Эй, Руҳ ўғли!
Сенинг учун тиламаганимни Биздан истама, шундай экан, сенинг учун муайян этганимиз билан қоний бўл. Гар бундан рози бўлсанг, бу сенинг манфаатингдир.
19. Эй, аъло назар ўғли!
Менинг ошиғим бўлишинг учун сенга Ўз руҳимдан нафас уфурдим, нега сен Мени тарк айлаб ўзга маъшуқни излаяпсан?
20. Эй, Руҳ ўғли!
Сенга бўлган ҳуқуқим кабирдир, уни унутиб бўлмас; сенга бўлган илтифотим азимдир, уни яшириб бўлмас; муҳаббатим сенда мавжуддир, уни беркитиб бўлмас; нурим сенда зоҳирдир, уни ҳеч нарса тўса олмас.
21. Эй, одамзод ўғли!
Абҳо дарахтининг энг сайланган меваларини сен учун қисмат қилиб тайинладим; нега сен улардан воз кечиб, арзиши пастроғига рози бўлдинг? Олий уфқда сен учун хайрли бўлган нарсаларга қайт.
22. Эй, Руҳ ўғли!
Мен сени олийжаноб қилиб яратдим, сен эса, ўзингни камситдинг; не учун яратилган бўлсанг, ўшанга юксал.
23. Эй, олий мақом ўғли!
Мен сени мангуликка даъват этарман, сен эса, фанони излайсан; недирки у, сени Бизнинг суйганимиздан оздириб, ўз истакларингга қарашга ундаётган?
24. Эй, инсон ўғли!
Ҳаддингдан ошма ва сенга лойиқ бўлмаган нарсага иддао қилма; Қудрат ва Иқтидор Соҳиби бўлмиш Оллоҳ ҳузурида сажда қил.
25. Эй, Руҳ ўғли!
Мискин олдида мақоминг бирла гердайма, чунки Мен унинг йўлида бирга боряпман, сенинг бу қабиҳ аҳволингни кўриб, сенга абадий лаънатлар ўқияпман.
26. Эй, мавжудлик ўғли!
Қандай қилиб ўз айбларингни унутиб, бошқалар айби билан машғул бўла оласан? Бундай қилгувчига, Мендан лаънат.
27. Эй, инсон ўғли!
Модомики, ўзинг хатокор экансан, ўзгалар хатоси тўғрисида нафасингни чиқарма. Гар бу амрдан четлашсанг, лаънатланурсан. Мен бунга гувоҳ.
28. Эй, Руҳ ўғли!
Аниқ бил, одамларга адолатни амр этиб, ўзи ҳақсизлик қилган Менга мансуб эмас, гарчи у, Исмимни олган бўлса ҳам.
29. Эй, мавжудлик ўғли!
Ўзингга раво кўрмаганингни бошқаларга раво кўрма, қилмаган ишингни гапирма. Бу Менинг сенга амримдир, унга амал қил!
30. Эй, инсон ўғли!
Агар Менинг бандам Сендан бирон нарса сўраса, уни рад этма, чунки унинг орази Менинг оразимдир; Мендан хижолат торт.
31. Эй, мавжудлик ўғли!
Ҳисоботга тортилмасингдан олдин, ҳар куни ўзингга ҳисобот бер, чунки, ўлим сенга тўсатдан келар ва амалларинг учун ҳисоб талаб қилинар.
32. Эй, олий мақом ўғли!
Ўлимни сенинг учун бир шодлик муждаси этиб тайинладим, нега ундан ғусса чекасан? Нурни сенга зиё сочмоқ учун яратдим, нега ундан яширинасан?
33. Эй, Руҳ ўғли!
Нур башорати ила сени олқишлайман, шодлан! Сени муқаддаслик қароргоҳига чорлайман, ундан паноҳ топки, абадул абад истироҳатда яшарсан.
34. Эй, Руҳ ўғли!
Муқаддас руҳ сенга илоҳий висол хушхабарини келтирур, нега сен ғамгинсан? Қудратли руҳ сени ўз амрида тасдиқлайди, нега сен ўзингни беркитасан? Унинг Орази Нури сени йўлга бошламоқда, нега сен гумроҳликда юрурсан?
35. Эй, инсон ўғли!
Биздан узоқлашишдан бошқа ҳеч бир нарсадан қайғурма ва Бизга яқинлашишдан-у, қайтишдан бошқа ҳеч бир нарсадан шодланма.
36. Эй, инсон ўғли!
Чин қалбдан шодланки, мулоқотимга лойиқ ва жамолимга ойна бўлурсан.
37. Эй, инсон ўғли!
Ўзингни Менинг гўзал либосимдан маҳрум этма ва ажиб чашмамдан насибангни қочирма, токи абад ташналик сенга азоб бермасин.
38. Эй, вужуд ўғли!
Қонунларимга Менга бўлган муҳаббатинг хотири ҳақи амал қил ва гар ризоимни излаётган бўлсанг, ўз нафсинг ҳавасларидан воз кеч.
39. Эй, инсон ўғли!
Гар жамолимни севсанг, амрларимни аҳамиятсиз қолдирма; гар ризоимга эришмоқ бўлсанг, насиҳатларимни унутма.
40. Эй, инсон ўғли!
Чексиз коинотни шиддат ила кезсанг-да, осмон кенгликлари қаърини ёриб ўтсанг-да, амримизга таслим бўлиб, Юзимиз қаршисида мутеъ бўлмагунингча роҳат тополмассан.
41. Эй, инсон ўғли!
Амримни улуғлагинки, Сенга Азаматим сирларини очай ва сени мангулик нурлари ила ёритай.
42. Эй, инсон ўғли!
Қаршимда мутавозеъ бўлки, фазлимдан сен билан мулоқотга киришай; сўнгра Амрим зафари учун кўтарилгинки, ер юзида экансан ғолиб бўлурсан.
43. Эй, мавжудлик ўғли!
Еримда Мени зикр қилгинки, самоимда сени хотирлай, шу тариқа, ҳам Менинг кўзларим ва ҳам сенинг кўзларинг таскин топсин.
44. Эй, арш ўғли!
Қулоғинг қулоғимдир, унинг-ла эшит; кўзинг кўзимдир, унинг-ла кўр, токи қалбинг тўрида Менинг олий муқаддаслигимга шоҳид бўлурсан, Мен эса, Ўзлигимда сенинг олий мақомингга шаҳодат берурман.
45. Эй, мавжудлик ўғли!
Мендан рози бўлиб, ўзингга насиб қилган қисматга шукр этибон, йўлимда шаҳидлик излаким, Азим гумбаз остида, Иззат чодирида Мен билан истироҳатда бўлурсан.
46. Эй, инсон ўғли!
Тафаккур қил ва тушун, ўз тўшагингда ўлишни истайсанми йўқса, қонингни тупроққа тўкиб, йўлимда қурбон бўлишни, ҳамда олий фирдавсда амрим мазҳари ва нурим чироғи бўлишни истайсанми? Инсофли бўл, эй банда!
47. Эй, инсон ўғли!
Жамолим билан қасам! Сочларингнинг қонга бўялиши, Менинг назаримда Коинотнинг яратилишидан ва икки дунё зиёсидан ҳам улуғроқдир. Жаҳд қил, эй банда!
48. Эй, инсон ўғли!
Ҳар нарсанинг аломати бор, муҳаббат аломати Менинг фармонимда мустаҳкамлик ва Менинг синовларимда бардошлиликдир.
49. Эй, инсон ўғли!
Исёнкор мағфиратга, гуноҳкор эса раҳматга ташна бўлгани каби, содиқ ошиқ машаққатга ошиқади.
50. Эй, инсон ўғли!
Йўлимда бошингга машаққатлар тушмаса, Менинг ризоим билан кифояланганлар йўлидан қандайин бора оласан? Гар Мен билан мулоқот иштиёқида синовларга дуч келмасанг, Жамолимга бўлган муҳаббатингда қандай қилиб нурга ета оласан?
51. Эй, инсон ўғли!
Балоларим иноятимдир: сиртдан улар ўт ва жазо, ичидан эса нур ва раҳматдир. Азалий бир нур ва абадий бир руҳ бўлиш учун унга интил. Бу Менинг амримдир, унга амал қил!
52. Эй, одамзод ўғли!
Гар сенга неъмат насиб қилса, севинма ва гар зиллатга дучор бўлсанг, қайғурма; чунки буларнинг ҳар бири келар-у, кетар ва заволга юз тутар.
53. Эй, мавжудлик ўғли!
Йўқчиликка тушсанг, ғам ема, бойлик Султони ўз вақтида қошингга келур; зиллатдан қўрқма, бир кун иззат сенинг насибанг бўлур.
54. Эй, мавжудлик ўғли!
Гар сен ушбу абадий боқий салтанатни ва қадимий азалий ҳаётни севсанг, бу фоний ва оний салтанатни тарк эт.
55. Эй, мавжудлик ўғли!
Бу дунё ила машғул бўлма, чунки, Биз олтинни олов билан бандаларни эса, олтин билан синаймиз.
56. Эй, инсон ўғли!
Сен олтинни орзу қиласан, Мен эса ундан озод бўлишингни истайман. Сен ўз бойлигингни унда кўрарсан. Мен эса, олтиндан фориғ бўлишингни сенинг бойлигинг деб биламан. Ҳаётим ила қасам! Бу Менинг илмимдир, у эса сенинг хаёлинг; қандай қилиб Менинг ва сенинг йўлинг мувофиқ бўла олади?
57. Эй, инсон ўғли!
Менинг бойлигимдан фақирларимга бахш этким, туганмас иззат ганжидан ва самовий битмас шараф хазиналаридан баҳраманд бўлурсан. Лекин, ҳаётим ила қасам, Менинг кўзим билан кўрар бўлсанг, жон фидо қилмоқ, унданда гўзалроқдир.
58. Эй, одамзод ўғли!
Вужуд ҳайкали Менинг тахтимдир, уни ҳамма нарсадан поклагинки, Мен унда қарор топай ва истиқомат қилай.
59. Эй, мавжудлик ўғли!
Қалбинг Менинг манзилимдир, нозил бўлмоғим учун уни муқаддас эт. Руҳинг Менинг назаргоҳимдир, зуҳур бўлишим учун уни покла.
60. Эй, инсон ўғли!
Қўлингни қўйнимга солким, ёруғ нур сочиб сенинг узра юксаларман.
61. Эй, инсон ўғли!
Самовотимга юксал, то висолим севинчига етишгайсан ва мангу шукуҳ қадаҳидан беқиёс шароб ичгайсан.
62. Эй, инсон ўғли!
Қанча кунлар ўтиб кетди, сен эса нафснинг хом хаёллари билан машғул бўлдинг. Қачонгача тўшагингда ётажаксан? Уйқудан бошингни кўтар, Қуёш куннинг қоқ ўртасига кўтарилди, шоядким, у гўзаллик нури ила сени ёритгай.
63. Эй, инсон ўғли!
Муқаддас Тур тоғи уфуғидан сенга нур сочилди ва юрагинг Синосига зиё руҳи уфурилди. Хом-хаёл ҳижобларидан ўзлигингни фориғ этиб, даргоҳимга дохил бўлки, мангу ҳаётга лойиқ ва дийдоримга сазовор бўлурсан. Шу тариқа, сен на ўлимга, на тушкунликка ва на заҳматга тутқун бўласан.
64. Эй, инсон ўғли!
Азалиятим Менинг санъатимдир, уни сен учун ихтиро этдим, уни ҳайкалингга либос эт. Яктолигим Менинг асаримдир, уни сен учун ижод этдим, уни ўзингга кийим эт, токи абадул абад Менинг доимий мавжудлигим машриғи бўлурсан.
65. Эй, инсон ўғли!
Улуғворлигим Менинг сенга ҳадям, буюклигим сенга бўлган раҳматим. Менга лойиқ нарсани ҳеч ким тушунмас ва тушунтиролмас. Ҳақиқатан, Мен буни Ўзимнинг сирларим хазинасида ва Менинг амрим ганжинасида бандаларим учун илтифот ва халқларимга марҳамат аломати сифатида сақладим.
66. Эй, илоҳий кўринмас моҳият ўғиллари!
Мени севишингизга монеълик қилурлар, Мен тилга олинганимда эса, жонлар жунбушга келур, чунки ақллар Мени қамрай олмас, қалблар эса Мени сиғдирмас.
67. Эй, жамол ўғли!
Руҳим ва иноятим, раҳматим ва жамолим ила қасам! Қудрат тили билан сенга нозил қилганим ва Қувват қалами билан ёзганларим Менинг шаъним ва лаҳнимга эмас, сенинг истеъдодинг ва идрокинг меъёрига мутаносибдир.
68. Эй, инсон фарзандлари!
Нима учун сизларни бир тупроқдан яратганимизни билурмисиз? Токи ҳеч ким ўзини бошқалардан устун тутмаслиги учун. Қандай қилиб яратилганингизни ҳар дам фикрланг. Ҳаммангизни бир унсурдан яратганимиз сабаб, сиз бир тану жон бўлмоғингиз, бир оёқ билан қадам босмоғингиз, бир оғиздан овқат емоғингиз ва бир заминда истиқомат қилмоғингиз керакки, бутун вужудингиз, ҳаракат ва амалларингизда тавҳид нишоналари ва инқитоъ жавҳарлари зоҳир бўлсин. Сизга насиҳатим будир, эй нур аҳли! Бу насиҳатга қулоқ солингки, ажиб иззат шажарасининг қудсий меваларидан тотурсиз.
69. Эй, руҳ ўғиллари!
Сиз Менинг хазинамсиз, чунки сизда Ўз сирларим гавҳари ва Ўз илмим ганжларини жойладим. Уларни бандаларим орасидаги бегоналардан, инсонларим ўртасидаги шарирлардан муҳофаза қилинг.
70. Эй, нафсининг малакутида Ўз Зоти ила турганнинг ўғли!
Билки, Мен сенга муқаддасликнинг атрларини пуркадим, Ўз сўзимни сенга буткул нозил этдим ва неъматимни сен орқали комил этдим ва Ўзимга раво кўрганимни сенга ҳам раво кўрдим. Шундай экан, Менинг ризоим билан кифоялан ва шукр эт.
71. Эй, инсон ўғли!
Бутун бу нозил этилмишларни нурли сиёҳ билан руҳинг лавҳига ёзгин. Гар бунга қудратинг етмаса, қалбинг жавҳаридан сиёҳ ишла. Гар бу ҳам қўлингдан келмаса, унда Менинг йўлимда тўкилган қирмизи сиёҳ билан ёз. Дарҳақиқат, бу Мен учун ҳар нарсадан ширинроқдирки, унинг нури тоабад қолур.
Ниҳон Калималар
2-қисм
Форс тилидан
Баён этгувчи Қудратли Парвардигор номи билан!
1. Эй, идрок ва қулоқ соҳиблари!
Маҳбубнинг аввал нидоси ушбудир: Эй маънавий булбул! Руҳий гулшандан ўзга жойни дема! Эй ишқ Сулаймони элчиси ҳудҳуд! Билқис ёр ватанидан ўзга гўша излама. Эй боқий анқо! Вафо Қофидан бошқа тоғда яшама; гар мақоминг тилагига эришмоқ бўлсанг ва жонинг қанотида ломаконга парвоз этсанг, ўшал сенинг маконингдур.
2. Эй, Руҳ ўғли!
Ҳар қуш ўзига ошён излар, ҳар булбулнинг мақсуди - гулнинг жамоли, бандалар қалбининг қушлари эса, фоний тупроққа қаноат қилиб, боқий ошёндан узоқланмишдир. Олислик ботқоғига кўз тикиб, илоҳий яқинлик гулларидан маҳрум бўлмишдир. Эссиз, ҳайрат-у, ҳасрат, афсуским, улар, бир пиёладаги қултумни деб, Рафиқи Аъло дарёси мавжларидан юз ўгирмишлар ва Абҳо уфқидан узоқланмишлар.
3. Эй, дўст!
Қалбинг боғида ишқ гулидан ўзгасин экма, муҳаббат-у, шавқ булбулининг соясини ҳеч тарк этма. Аброрлар суҳбатини ғанимат бил ва ашрорлар даврасидан қўлингни-ю, кўнглингни узгил.
4. Эй, инсоф ўғли!
Қайси ошиқ ўз маъшуғи ватанидан бошқа томонга отлангай? Қайси толиб ўз матлубидан йироқда роҳатлангай? Содиқ ошиқ учун ҳаёт висолдир, ўлим эса, фироқ. Унинг кўкраги сабрдан холи, қалби эса оромдан. Жонон куйига етишиш учун, у юз минг жондан воз кечгусидур.
5. Эй, хок ўғли!
Чиндан айтурман, кимки беҳуда тортишар экан ва ўзини биродаридан устун тутар экан, инсонлар орасида энг ғафлатда қолганлардандир. Айтгин: Эй биродарлар! Сўзлар эмас, амаллар сизга зийнат бўлсин.
6. Эй, арз ўғлонлари!
Шуни чин билингким, гарддай ҳасад ғубори бор қалб Менинг боқий жабарутимга етолмагай ва Менинг муқаддас малакутимдан эсаётган қудсий мушк-анбарлардан тўёлмагай.
7. Эй, муҳаббат ўғли!
Сен энг юксак яқинлик мақоми ва самовий ишқ дарахтидан биргина қадам нарида турибсан. Биринчи қадамни бос ва кейинги қадам ила ўлимсизлик оламига ўт ва беҳишт чодирига кир ва Иззат қалами неки нозил этган бўлса, ўшанга қулоқ тут.
8. Эй, иззат ўғли!
Муқаддаслик йўлида чаққон бўл ва Менинг-ла мунислик фалакларига қадам қўй, қалбингни руҳ сайқали ила поклаб, улуғворлик даргоҳига талпин.
9. Эй, ўткинчи соя!
Қўрқув-шубҳанинг тубан поғоналаридан кечиб, ишонч қоялари юксаклиги даражасига кўтарил. Ҳақиқат кўзини оч, токи, ошкора пардасиз Жамолни кўрурсан ва айтурсанким: Таборакаллоҳу аҳсанул ҳолиқин.
10. Эй, нафсу ҳаво ўғли!
Қулоқ сол: фоний кўз боқий жамолни таниёлмас, ўлик қалб эса, сўлик гулдан ўзгаси билан машғул бўлолмас. Зеро, ўхшаш ўхшашга интилар ва ўзи кабилар билан улфат бўлар.
11. Эй, тупроқ ўғли!
Жамолимни кўрмоқ бўлсанг кўр бўл; майин овозим оҳангини эшитмоқ бўлсанг кар бўл; илмимдан насибали бўлмоқ учун нодон бўл; боқий бойлигим баҳридан безавол қисматга эришмоқ учун фақир бўл. Кўр бўлмоқ, яъни, Менинг Жамолим мушоҳадасидан бошқа барча нарсалар учун; кар бўлмоқ, яъни, Менинг каломимдан бошқасини эшитмаслик учун; нодон бўлмоқ, яъни, Менинг билимимдан бошқасидан халос бўлишдир; токи ойдин нигоҳ, соф қалб ва эътиборли қулоқ билан муқаддаслигим даргоҳига дохил бўлғайсан.
12. Эй, икки кўз соҳиби!
Бир кўзингни юмгину, бошқасини оч. Кўзингни юм, яъни, дунё ва ундаги жамийки нарсаларга. Кўзингни оч, яъни, Маҳбубнинг қудсий Жамолига.
13. Эй, Менинг фарзандларим!
Қўрқаманким, самовий Кабутар нағмасининг файзини эшитмасданоқ, фано диёрига қайта ғарқ бўлурсизлар ва гул жамолини кўрмасданоқ, суву гилга қайтурсизлар.
14. Эй, дўстлар!
Фоний Жамолни деб боқий Жамолдан воз кечманг ва тупроқ дунёсига кўнгил боғламанг.
15. Эй, Руҳ ўғли!
Шундай вақт келадики, қудсий булбул ўз сирли маъноларини баён қилмай қўяди ва барингиз раҳмоний нағма ва субҳоний нидодан маҳрум бўлурсизлар.
16. Эй, ғафлат жавҳари!
Юз минглаб маънавий тиллар бир нутқда изҳор бўлур ва юз минглаб ниҳон сирлар бир оҳангда ошкор бўлур. Ҳайҳот, уларни эшитадиган бирон қулоқ йўқ, уларни идрок этадиган бирон қалб йўқ.
17. Эй, йўлдошлар!
Ломакон дарвозалари кенг очилмиш ва маҳбуб диёри ошиқлар қони билан безалмишдир, илло, айримларни истисно қилганда, ҳамма ушбу самовий шаҳардан маҳрумдир ва ҳатто, шу айримларнинг орасида ҳам, пок қалб ва муқаддас руҳ эгалари янада камчиликни ташкил этади.
18. Эй, аъло фирдавс аҳли!
Эътиқод аҳлига хабар берингким, самовий жаннат яқинидаги муқаддаслик аршида янги боғ пайдо бўлди. Бу боғ атрофини жамийки олий соҳа қавми ва ўлмас жаннат аҳли тавоф этурлар. Жаҳд қилингким, бу мартабага етишгайсиз ва ишқ сирларини унинг лолаларида очгайсиз ва илоҳий етуклик ҳикматлари меваларидан тотгайсиз. Унга дохил бўлиб, у ерда истиқомат қилаётганларнинг кўзлари тасалли топгай.
19. Эй, Менинг дўстларим!
Сиз ўша нурли субҳи-содиқда, фирдавси-азимда экилмиш ҳаёт дарахти сояси остидаги муқаддас ва муборак муҳитда ҳузуримда йиғилганингизни унутдингизми? Уч пок калима буюрганим кезда, сиз уни эшитиб, ҳайратдан донг қотдингиз: Эй дўстлар! Ўз ризолигингизни Менинг ризолигимга ихтиёр этманг. Сиз учун нимаики тиламадим, ҳаргиз уни тиламанг. Дунёвий эҳтирослар, орзу-ҳаваслар билан булғанмиш ўлик қалблар билан Менинг олдимга яқинлашманг. Гар ўз кўксингизни покласангиз, ўша муҳит ва фазо шу ондаёқ хотирга тушар ва баёним ҳақлиги ҳар бирингизга маълум бўлар.
Жаннат бешинчи Лавҳининг саккизинчи муқаддас сатрида, У шундай фармойиш этади:
20. Эй, мурда каби ғафлат тўшагида ётганлар!
Асрлар ўтиб кетди ва қимматли умрингиз охирлаб қолди, лекин, сизлардан Бизнинг муқаддаслик соҳамизга ҳеч бир пок нафас етиб келмади. Ширк денгизларига ғарқ бўла туриб, тавҳид калимасини тилга оларсиз. Менинг севмаганимни севиб, душманимни ўзингизга дўст тутмишсиз. Менинг заминимда шод ва хуррам юра туриб, билмайсизки, заминим сиздан безор ва ердаги барча ашёлар сиздан қочадир. Гар кўзингизни очсангиз эди, ҳақиқатда, бундай севинчдан кўра юз минг ғам-ғуссани ва бундай ҳаётдан кўра ўлимни афзалроқ деб ҳисоблардингиз.
21. Эй, ҳаракат қилувчи хок!
Мен сенга мунисман, аммо, сен Мендан маъюссан. Исён қиличи умидинг дарахтини кесиб ташлади. Ҳар онда Мен сенинг ёнингдаман, сен эса, барча ҳолларда Мендан йироқдасан. Мен сен учун безавол иззатни ихтиёр этдим, лекин, сен ўзинг учун чексиз зиллатни танладинг. Ҳали вақт бор: қайт ва фурсатни қўлдан бой берма.
22. Эй, ҳою-ҳавас ўғли!
Аҳли дониш ва ҳикмат эгалари йиллар давомида меҳнат қилдилар, лекин, Шавкатлининг висолига етолмадилар; умрлар бўйи Уни изладилар, лекин Унинг орази жамолининг дийдорини кўролмадилар. Сен эса, меҳнат қилмай манзилга етдинг ва изланишсиз матлабга эришдинг. Бутун бу мақом-у, мартабаларга етганингга қарамай, нафсинг ҳижобига чунон ўралгансанким, кўзинг Дўст жамолига тушмади ва қўлинг Ёр ридоси этагига тегмади. Бундан таажжубланинг, эй кўз соҳиблари!
23. Эй, ишқ диёри аҳли!
Фоний шамоллар боқий шамни қуршамоқда ва руҳоний Ғуломнинг чиройи ғуборли зулмат қоронғулигида пинҳон қолмоқда. Ишқ султонларининг султони золимлар қўлида мазлум ва қудсий Кабутар бойқушлар чангалида гирифтор. Шавкат чодирининг жамийи аҳли ва самовий қавмлар зор-зор йиғлаб, оҳ урарлар, сиз эса камоли роҳат ила, ғафлат арзида истиқомат қилурсиз ва ўзингизни холис дўст деб ҳисобларсиз. Сизнинг хом-хаёлларингиз қанчалик ботилдир!
24. Эй, олим деб ном чиқарган жоҳиллар!
Ботинда қўйларим подасига кўз тикмиш қашқирлар бўла туриб, не учун зоҳирда чўпонликка иддао этурсиз? Сиз зоҳирда порлоқ бўлиб кўринса-да, Менинг шаҳрим ва диёрим карвонларини йўлдан оздириб, унинг ҳалокатига сабаб бўладиган чўлпон юлдузи кабисиз.
25. Эй, зоҳири ораста, аммо, ботини нопоклар!
Сиз соф бўлса-да, тахир сув кабисиз; унинг кўриниши мусаффо ва зилол бўлса-да, лекин Илоҳий Тот Синовчи унинг бир томчисини ҳам қабул қилмас. Ҳа, офтоб нури кўзгуга ҳам, хокка ҳам бир хил тушади, аммо, уларнинг акс эттиришдаги фарқи ер ва юлдуз ўртасидаги каби; ҳолбуки, уларнинг ўртасидаги фарқ бениҳоядир.
26. Эй, Менинг тилда дўстим!
Бир қадар мулоҳаза эт. Ёр ва ағёрнинг бир кўнгилда сиғишганини ҳеч эшитганмисан? Шундай экан, ағёрни қувким, Ёр ўз уйига кирсин.
27. Эй, тупроқ ўғли!
Жамолим ва Жалолим манзили қилиб тайинлаганим қалблардан бошқа, кўкдаги ва ердаги барча нарсани сенинг учун муайян этдим. Сен эса, Менинг манзилим ва яшаш жойимни бошқага бердинг. Ҳар замонки, муқаддас зуҳурим ўз маконига келмоқ истаганда, у ерда бегонага дуч келди, уйсиз ва бошпанасиз қолиб, қайтадан жонон маконига талпинди. Шундай бўлса-да, буни яширдим, сирингни очмадим ва сенинг хижолат чекишингни хоҳламадим.
28. Эй, ҳою-ҳавас жавҳари!
Неча саҳарлар ломакон машриғидан сенинг манзилингга келдим ва сени роҳат тўшагида Мендан ўзгага машғул кўрдим. Ва чун руҳ яшини каби иззат самовотига қайтдим ва яқинлик маконларидаги қудсий қўшинларим олдида ун чиқармадим.
29. Эй, саховат ўғли!
Амрим лойи ила, адам-йўқлик саҳросидан сени бор этдим. Мавжудликдаги ҳар зарра-ю, яралмишнинг буткул моҳиятини сенинг тарбиянг учун тайинладим. Чунончи, ҳали она қорнида эканлигингда, сен учун икки мунир сут чашмасини муқаррар этдим, ҳамда, сени ҳимоялаш учун кўзлар ёлладим ва сени севмоқликни дилларга солдим. Ўз саховатимдан, сени раҳматим кўланкасида парвариш айлаб, фазл-у, раҳмат жавҳари билан ҳимояладим. Буларнинг ҳаммасидан мақсадим, сенинг доимий жабарутимга киришинг ва кўринмас марҳаматимга сазовор бўлишинг эди. Сен ғофил эса, балоғатга етиб, барча неъматларимга бепарво бўлдинг, ўз ботил хаёлларингга берилиб, буларнинг ҳаммасини унутдинг, Дўст дарвозасидан юз ўгириб, душман айвонидан манзил ва маскан топдинг.
30. Эй, бу дунё бандаси!
Неча марталаб саҳар чоғида иноятим шабадаси сенинг узра эсди ва сени ғафлат тўшагида уйқуда кўрди ва сенинг бу ҳолингга йиғлабон, қайта кетди.
31. Эй, ер ўғли!
Гар Мени истасанг, Мендан ўзгани дема. Гар Жамолимни кўрмоқ бўлсанг, дунёдаги бор нарсадан кўз юм, зеро, Менинг иродам ва ўзганинг иродаси, сув ва оташдек, бир кўнгил ва қалбда сиғмас.
32. Эй, Ягонага бегона!
Қалбинг чироғи Менинг қудратим қўли ила ёқилгандир, уни нафсу-ҳавонинг мухолиф еллари ила сўндирма. Сенинг барча иллатларинг табиби Менинг зикримдир, буни унутма. Муҳаббатимни ўзинг учун сармоя эт, уни кўз қорачиғи-ю, жонингни азиз айлагандек сақла.
33. Эй, биродарим!
Ширин тилимнинг нозанин сўзларини эшит ва тотли дудоғимнинг маънавий муқаддаслик чашмасидан ич. Яъни, Менинг илоҳий ҳикматим уруғларини қалбинг пок заминига сепгин ва уларни ишонч сувлари билан суғоргинки, илм-у, ҳикматим сунбуллари сенинг қалбинг муқаддас шаҳрида униб чиқсин ва кўкарсин.
34. Эй, Менинг фирдавсим аҳли!
Сизнинг муҳаббатингиз ва дўстлигингиз ниҳолини меҳрибонлик қўли ила муқаддас жаннат боғида экдим ва уни марҳаматим ёмғирлари билан суғордим. Ҳосилга киргани дамда, уни жаҳд ила ҳимоя қилингким, то шаҳват-у, ҳавас алангаси остида куймасин.
35. Эй, дўстларим!
Залолат чироғини ўчиринг ва абадий ҳидоят машъалларини ўз кўнглингизда ёндиринг. Зеро, кўп ўтмай, одамзотни синовчилар Маъбуд ҳузурида холис тақво ва пок амаллардан бошқа ҳеч нарсани қабул этмаслар.
36. Эй, тупроқ ўғли!
Донолар, уларким, то эшитгувчи топмаса оғиз очмайди. Чунончи, соқий талаб бўлмагунича соғар узатмайди ва ошиқ ёр жамолига етмагунича жону-дилдан ҳайқирмайди. Демак, донолиг-у, илм уруғларини қалбнинг покиза заминига сепиб, уларни ниҳон қилингким, илоҳий донолик сунбуллари гилу-лойдан эмас, юракдан униб чиқсин.
Лавҳнинг биринчи сатрида ушбу қайд этилиб ёзилган ва илоҳий муқаддас чодирда ниҳон қилингандир:
37. Эй, бандам!
Оний лаззат деб абадий салтанатни қўлдан кеткизма ва шаҳват деб фирдавс шаҳан-шоҳлигини қўлдан бой берма. Будир Раҳимли Илоҳ қалами чашмасидан оқаётган оби ҳаёт; ундан ичаётганлар саодатманддир.
38. Эй, Руҳ ўғли!
Қафасни синдир ва ишқ хумоси каби муқаддас самога парвоз эт. Нафсингдан кеч ва Раббнинг қудсий фазосида раҳмоний нафас-ла оромлан.
39. Эй, кул ўғли!
Бир кунлик роҳат билан қаноатланиб, абадий безавол роҳатдан кечма. Абадий боқий сафо гулшанини фоний тупроқ гулханига алмаштирма. Зиндонингдан чиқиб, жоннинг хуррам чаманларига юксал ва ўлимли қафасдан ломаконнинг дилкаш ризвонига хиром айла.
40. Эй, бандам!
Дунё кишанларидан ўзингни халос айла ва нафс зиндонидан руҳингни озод эт. Вақтни ғанимат бил, зеро-ки, бу вақтни бошқа кўрмагайсан ва бу замонни ҳаргиз топмагайсан.
41. Эй, канизам фарзанди!
Гар боқий салтанатни кўрганингда эди, бу фоний дунёни жиддият билан ташлаб кетардинг. Лекин, у олам пинҳонлигининг ҳикматлари ва бу олам жилвали кўринишининг рамзлари борки, буни қалби поклардан бошқа ҳеч ким идрок этолмас.
42. Эй, бандам!
Қалбни гинадан покла ва ҳасадсиз бир ҳолда илоҳий муқаддаслик даргоҳига хиром айла.
43. Эй, дўстларим!
Дўст розилиги йўлидан юринг, Унинг розилиги Унинг бандаларининг розилигидадир, яъни, дўст дўстнинг уйига унинг розилигисиз кирмас ва унинг молига қўл чўзмас; ўз истагини дўстининг истагидан устун тутмас ва ҳеч бир ишда ўзини ундан афзалроқ билмас. Шундай экан, тафаккур этинг, эй, идрок соҳиблари!
44. Эй, тахтим рафиқи!
Ёмонликни эшитма ва ёмонликни кўрма; ўзингни камситма ва нолалар қилма. Ёмонликдан сўз очмаким, сенга ҳам ёмонлик айтилмасин; бошқалар айбини катталаштирмаким, ўз айбинг катта бўлиб кўринмасин. Ҳеч кимнинг зиллатини раво кўрма, токи ўз зиллатинг фош бўлмасин. Шунда, пок бир юрак, тоза бир қалб, муқаддас бир кўнгил ва соф виждон ила бир лаҳзадан-да қисқа бўлган умринг айёмини ўтказгинки, озод ва маъсуд бир ҳолда, ушбу фоний жасаддан маънавий фирдавсга қайтарсан, ҳамда, абадий малакутда яшарсан.
45. Афсус-афсус, эй ҳою-ҳавас ошиқлари!
Руҳий Маъшуқ ёнидан яшин тезлигида ўтиб кетдингиз ва шайтоний хаёлларга қаттиқ кўнгил боғладингиз. Хом-хаёлга сажда қила туриб, уни ҳақ деб атадингиз. Тиканга боқа туриб, уни гул деб номладингиз. Сиздан на бир соф нафас келди ва на кўнгил боғларидан бир инқитоъ шабадаси эсди. Маҳбубнинг шафқатли насиҳатларини шамолга совуриб, қалб саҳифаларидан бутунлай маҳв этдингиз ва ҳайвонлар каби шаҳват ва ҳавас ўтлоқларида айшу-ишрат қилмоқдасиз.
46. Эй, йўлдаги ҳамроҳлар!
Нега нигорни ёдга олишдан ғофил қолдингиз ва ёрга яқинликдан ўзингизни йироқ тутдингиз? Гўзаллик моҳияти бемисол чодир ичра шонли тахтида ўтирган бир пайтда, сиз ҳою-ҳавасларингизга буйсуниб, бўш тортишувлар билан машғулсиз. Муқаддаслик мушки-анбари таралмоқда ва саховат шабадаси эсмоқда, сиз эса, тумоққа мубтало бўлиб, буларнинг баридан маҳрумcиз. Ҳасрат сизларга, орқангиздан келаётганларга ва изингиздан бораётганларга!
47. Эй, орзу-ҳавас болалари!
Такаббурлик ридосини ечинглар ва мағрурлик либосини улоқтиринглар!
Ёқут Лавҳида қайд этиб ёзилган муқаддас сатрларнинг учинчисида ниҳон Қалам билан ушбу нозил бўлмишдир:
48. Эй, биродарлар!
Бир-бирингиз билан муросали бўлинглар ва дунёдан кўнгил узинглар. Иззатдан ғурурланманг ва зиллатни ор билманг. Жамолим ҳақи онт ичаман! Ҳар нарсани тупроқдан яратдим ва тупроққа қайтаражакман.
49. Эй, хок фарзандлари!
Бойларни фақирларнинг саҳаргоҳдаги оҳу-нолаларидан хабардор этинг, мабодо, ғафлатла - ридан ҳалокатга учраб, Ғано дарахтидан бенасиб қолмасинлар. Савоб ва саҳийлик Менинг хислатимдан, хислатларим билан безанган саодатлидур.
50. Эй, ҳою-ҳавас моҳияти!
Ҳирсни қўй ва қаноатли бўл, чунки таъмагир доимо маҳрум бўлур, қаноатли эса, севилмиш ва мақбулдир.
51. Эй, канизам ўғли!
Фақирликдан изтиробга тушма ва бойликдан хотиржам бўлма, зеро, ҳар фақирлик кетидан бойлик ва ҳар бойлик кетидан фақирлик келар. Лекин, Оллоҳдан бошқа барча нарсада фақир бўлмоқ улуғ неъматдир; бунинг қадрини кам билма, чунки, оқибатда илоҳий ғанийлик очилар. Бу мақомда, «ҳақиқатда фақирсиз», дейилмишнинг маъносини англарсан ва «энг бадавлат Оллоҳдир» деган муборак сўзлар, ошиқ қалби уфуқида субҳи-содиқ каби чароғон порлаб, нурафшон ва ошкор бўлар, ҳамда, бойлик тахтида қарор топар.
52. Эй, ғафлат ва ҳою-ҳавас ўғиллари!
Душманимга Менинг уйимга киришига йўл бердингиз ва дўстимни қувдингиз, чунончи, Мендан ўзганинг севгисига юрагингизда жой бердингиз. Дўстнинг баёнини тингланг ва Унинг ризвонига талпининг. Дунёвий дўстлар ўз манфаатини кўзлаб бир-бирини дўст тутади, валекин, ҳақиқий Дўст сизларни ўзингиз учун севган ва севади. Ахир, У сизга раҳнамолик қилиш учун, чексиз балоларни қабул айлади. Ушбу Дўстга бевафолик қилманг ва унинг куйига ошиқинг. Исмлар молигининг қалами уфқидан чиққан садоқат-у, вафо калимасининг офтоби будир. Муҳайминул Қайюм Оллоҳ каломини эшитмак учун қулоқларингизни очинг.
53. Эй, фоний бойлик билан мағрурланганлар!
Билингларки, бойлик бу толиб ва матлуб, ошиқ ва маъшуқ ўртасидаги мустаҳкам бир тўсиқдир. Бадавлат киши, ҳаргиз, Оллоҳ қурбига ворид бўлолмас, розилик ва таслим шаҳрига киролмас, магар, истисноси жуда оз. Шундай бир бадавлат инсонга саодат бўлурки, бойлик унга мангу салтанатга кирмоғига тўсиқ бўлмаган ва уни абадий ғанийликдан маҳрум этмаган бўлса. Исми Аъзам ҳақи онт ичаман! Қуёш ер аҳлини ёритгани каби, ушбу ғанийнинг нури самовот аҳлини ёритгай.
54. Эй, ер юзининг бадавлатлари!
Фақирлар, бу, Менинг сизнинг орангиздаги омонатимдир, шундай экан, омонатимни яхши сақланг ва тамоман ўз нафсингиз роҳатини кўзлаш билан машғул бўлманг.
55. Эй, нафс ўғли!
Бойлик киридан поклан ва комил бир осойишталик билан фақирлик фалакларига қадам қўйки, инқитоъ чашмасидан мангу ҳаёт майини ичурсан.
56. Эй, ўғлим!
Диёнатсизлар билан бўлган муносабат ғамни кўпайтирар, тақводорлар суҳбати дилни зангдан тозалар. Ҳар ким Худо билан яқин мулоқот истар, Унинг ҳабибларига мунис бўлсин ва ҳар ким Оллоҳнинг каломини эшитмоқ бўлса, Унинг асфиёлари каломларини тингласин.
57. Эй, тупроқ ўғли!
Зинҳор ашрорлар билан улфат бўлма ва уларга мунис бўлма, чунки бундай муносабат қалб нурини жаҳаннам оташига айлантиради.
58. Эй, канизамнинг ўғли!
Гар Руҳулқуддус файзини излаётган бўлсанг, тақводорлар билан муносабатда бўл, зероки, аброрлар боқий ҳаёт қадаҳини мангу Соқий қўлидан ичмишлар ва ўлик дилларни субҳи-содиқ каби жонлантириб, ёритарлар.
59. Эй, ғофиллар!
Гумон этмангки, юрак сирлари яшириндир, ҳатто, аниқ билингки, улар аён ҳарфлар билан ўйиб битилган ва муқаддас ҳузурда очиқ-ошкордир.
60. Эй, дўстлар!
Ҳақиқатни айтарман, юракларингда яширган ҳамма нарса, Биз учун ёруғ кун каби ойдин ва ошкордир. Лекин, бунинг яширин қолиши сабаби, сизнинг лойиқлигингиздан эмас, аксинча, Бизнинг фазл ва илтифотимиздандир.
61. Эй, инсон ўғли!
Раҳматим денгизи теранликларидан бир шабнамини олам аҳли узра тўкдим, лекин, унга юз тутган ҳеч кимсани топмадим. Ҳамма тавҳиднинг латиф боқий шаробини қўйиб, ифлос чиқинди сув томон бурилибди, ва боқий жамол қадаҳини рад этиб, фоний коса билан кифояланибди. Не жирканчдир қаноат топганлари.
62. Эй, тупроқ ўғли!
Лоязол Маҳбубнинг бемисол шаробидан кўзни узма, фоний ва буланиқ шаробга назар солма. Аҳадият Соқийсининг қўлидан абадий ҳаёт қадаҳини олгинки, тамомила ҳушёр бўлурсан ва ғайб оламидан чорловчи маънавий нидога қулоқ солурсан. Айт, эй тубан зотлар, не учун Менинг муқаддас ва боқий шаробимдан юз ўгириб, фоний сувга ружуъ қўйдингиз?
63. Эй, замин аҳли!
Аниқ билингким, кутилмаган бало ортингиздан келяпти ва оғир бир жазо сизни кутмоқда. Барча қилмишларингиз назаримдан ғойиб бўлган деб ўйламанг. Йўқ. Жамолим ҳақи онт ичаман! Сизнинг бутун амалларингиз забаржад лавҳаларида Менинг қаламим ила аниқ ҳарфлар билан ўйиб ёзилгандир.
64. Эй, ер юзининг золимлари!
Зулмкорликдан қўл тортинг, онт ичаманки, ҳеч кимнинг бирон зулмини кечмасман. Бу Менинг аҳдим, Мен уни маҳфуз лавҳда муқаррар ўрнатдим ва Иззат муҳри билан тамғаладим.
65. Эй, исёнкорлар!
Тоқатим сизга шу қадар журъат бағишламиш ва Сабрим сизни шундайин ғафлатга келтирмишким, нори нафс отига миниб, хатарли ва таҳликали сўқмоқлардан қайғусиз чопаётирсиз. Гўё, Мени ғофил ва бехабар деб биласиз.
66. Эй, муҳожирлар!
Тил Мени зикр этмоқ учундир. Уни ғийбат ила булғаманг. Гар худбинлик оташи ғалаба қилса, Менинг бандаларим айблари билан эмас, ўз айбларингизни хотирлаш билан машғул бўлинг, зеро, ҳар бирингиз ўз нафсингизни Менинг бандаларим нафсидан кўра яхшироқ танийсиз.
67. Эй, ваҳму-гумон ўғиллари!
Билингки, абадий муқаддаслик уфқининг тонги отганда, сизнинг тун зулматида қилинмиш шайтоний амалларингиз сирлари очилар ва бутун оламга ошкора бўлар.
68. Эй, тупроқдан чиққан ёввойи ўт!
Нима учун ширага буланмиш қўлингни ўз либосингга урмайсан-у, лекин шаҳват касофати билан булғанган дил билан Менинг мулоқотимни излайсан ва Менинг муқаддас мамлакатларимга йўл топмоқ истайсан? Ҳайҳот, ҳайҳот, истагингиздан қанчалик узоқдасиз!
69. Эй, Одам фарзандлари!
Муқаддас калималар, ҳамда, пок ва эзгу амаллар иззат самосига юксалар. Жаҳд қилингким, амалларингиз нафс ва риё ғуборидан покланиб, иззат соҳасида қабул бўлсин, чунки, тез орада инсонларни синовчи саррофлар Маъбуд ҳузурида холис, тақволи ва пок амаллардан бошқа ҳеч бир нарса қабул қилмаслар. Раббнинг ирода уфқида порлаган ҳикмат ва маъно офтоби будир. Унга юз ўгирганлар саодатманддир.
70. Эй, айшу-ишрат ўғли!
Хуш бир оламдир борлиқ олами, гар унга дохил бўлсанг. Муҳташам бир мулкдир абадият мулки, гар фоний дунёни ортда қолдира билсанг. Мастлик нашъаси ширин бир нашъадир, гар илоҳий Ғулом қўлидан маъно қадаҳини ичсанг. Ва агар, бу мартабаларга нойил бўла олсанг, унда йўқлик ва нобудлик, заҳмат ва гуноҳдан озод бўлурсан.
71. Эй, дўстларим!
Муборак Замон атрофидаги Форон Тоғида, Менинг-ла боғланган аҳдни хотирланг. Само лашкари ва боқий шаҳар асҳобаларини ўша аҳдга шоҳид тутгандим. Эндиликда, бу аҳдга содиқ қолган бирон кимсани кўрмадим. Ғурур ва исён уни қалблардан маҳв этдики, ундан асар ҳам қолмади. Буларни била туриб, Мен сабр этдим ва изҳор этмадим.
72. Эй, бандам!
Сен бамисоли ғилоф қоронғилигида яширин қолган, моҳирона ишланган шамширсан. Шу сабаб, унинг қадри саррофларнинг кўзидан яшириндир. Нафс-ҳаво ғилофидан чиқгин, то, сенинг қийматинг олам аҳлига маълум бўлсин.
73. Эй, дўстим!
Сен Менинг муқаддас самоим қуёшисан, ўз нурингни дунё кири билан Мендан тўсма. Ғафлат ҳижобини йиртким, то булутлар ортидан чароғон чиқурсан ва жамийки мавжудотни ҳаёт либосига кийдирурсан.
74. Эй, ғурур болалари!
Неча кунлик фоний салтанатни деб, Менинг боқий жабарутимдан кечаётирсиз ва дунёвий ранг-баранг безакларни тақиб олиб фахрланмоқдасиз. Жамолим билан қасам! Ҳаммангизни бир рангдаги тупроқ чодири остига йиғиб, бу турли рангларнинг барини орадан кўтараман. Фақат Менинг рангимни деганлар бундан истисно, чунки, у, бошқа барча ранглардан тозалангандир.
75. Эй, ғафлат фарзандлари!
Фоний подшоликка дил қўйманг ва ундан шодланманг. Сиз боғдаги бутоқда тамомила хотиржамлик билан сайраётган бепарво қушга ўхшайсизки, бехосдан Ажал-овчиси уни ерга уриб туширади. Ва на унинг қўшиғидан, ва на суратидан, ва на рангидан асар ҳам қолмайди. Бу сизларга ибрат бўлсин, эй, эҳтирос қуллари!
76. Эй, канизам фарзандлари!
Ҳидоят азалдан сўзларда эди, энди эса амаллардадир. Яъни, ҳар бир инсон муқаддас амаллар ижро этиши керак, чунки, сўзда ҳамма бор, пок ва муқаддас амаллар эса, фақат бизнинг суюклиларимизга хосдир. Шундай экан, ўз амалларингиз билан бошқалардан ажралиб туриш учун чин дилдан интилинг. Нурли ва муқаддас лавҳда Биз сизга ушбу насиҳатни берамиз.
77. Эй, инсоф ўғли!
Тун пайти боқий Вужуд жамоли зумрадли вафо қояларидан қайтиб, Садратул Мунтаҳо сари йўналди ва нола қилибон йиғладики, юксак само қавми ва малаклар унинг ноласидан қайғуга ботдилар. Сўнгра фиғон ва ноланинг сабаби сўралди. У жавоб айлади: “Амрга биноан, вафо қоясида мунтазир бўлдим, лекин, ер аҳлидан вафодорлик хуш ифорини туймадим. Сўнг, қайтишга жазм этдим-у, лоҳазол! Бир неча муқаддаслик кабутарларининг ер кўппаклари чангалида қийналаётганини кўрдим”. Шунда, Илоҳий Ҳур ҳижобсиз ва нурафшон ҳолда, ўз маънавий қасридан шошилганича чиқиб, уларнинг исмларини сўради. Жамийи исмлар айтилди, илло, биргина исмдан бўлак. Кейинги қистовлардан сўнг, исмнинг биринчи ҳарфи айтиларкан, самовий ҳужраларининг аҳли ўз иззат манзилларидан отилиб чиқдилар. Иккинчи ҳарфи айтилганда, уларнинг ҳаммаси тупроққа тўкилдилар. Шу пайт, қурб маконидан нидо етди: “Бундан ортиғи жоиз эмас!”. Биз, ҳақиқатдан, уларнинг қандай қилмишлар қилгани ва эндиликда қилаётганининг шоҳидимиз.
78. Эй, Менинг канизам фарзанди!
Раҳмон тилидан оқаётган маънавий салсабил чашмасидан ич ва субҳон баёни машриғидан чиқаётган ҳикмат қуёши нурларини очиқ ва пардасиз кўр. Қалбинг пок заминига илоҳий ҳикматим уруғларини сеп ва уларни ишонч сувлари билан суғор, то қалбинг қуддус шаҳрида илмим ва ҳикматим сунбуллари униб чиқсин ва кўкарсин.
79. Эй, нафс ўғли!
Қачонгача эҳтирослар ҳавосида учгайсан? Сенга қанот иноят этдимки, шайтоний хом-хаёллар фазосигамас, балки, маънавий муқаддаслик ҳавосига парвоз этишинг учун; тароқни марҳамат этдимки, бўғзимни ярадор қилиш учун эмас, балки, мушкин зулфимни тарашинг учун.
80. Эй, бандаларим!
Сиз Менинг боғим дарахтларисиз. Ажойиб ва эзгу мевалар беришингиз керак, токи, ҳам ўзингиз ва ҳам ўзгалар бундан баҳраманд бўлсинлар. Шунинг учун, ҳар бирингиз касб ва ҳунар билан машғул бўлишингиз лозим, зеро, бойлик сабаби шундадир, эй идрок соҳиблари! Чунки натижа асбобга боғлиқ. Оллоҳнинг фазли сизга кифоядир. Мевасиз дарахт оташга лойиқ бўлган ва бўлажакдир.
81. Эй, бандам!
Инсонлар ичидаги энг паст одам, ҳаётини ерда самарасиз кечираётган кимсадир. Ҳақиқатан, бундай кимсалар ўлик деб ҳисобланади, ва ҳатто, ўликлар Оллоҳ назарида бу бефойда бекорчилардан афзалроқдир.
82. Эй, бандам!
Инсонларнинг энг яхшиси, бу, Раббил оламин бўлмиш Парвардигор муҳаббати учун ўз меҳнати ва касби билан ҳаёт кечириб, орттирганини ўзига ва оиласига сарфлайдиган кишидир.
Баён пардаси орқасида ижозкор ва маънавий Келин пинҳон эди. У Маҳбубнинг жамолидан сочилган порлоқ ёғду каби илоҳий иноят ва Раббоний илтифот орқали ошкор ва намоён бўлди. Гувоҳлик бераманки, эй дўстлар, неъмат тугалланди, ҳужжат комил бўлди, исбот зоҳирдир ва далил мустаҳкам. Дигар энди, инқитоъ йўлида сизнинг ҳимматингиз нималар кўрсатажакдир. Шу тариқа, сизларга, ва осмонлар-у, ерда бўлганларга илоҳий неъмат бутунлай комил бўлди. Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин!
Глоссарий
А
аброр - эзгу ишларни амалга оширгувчилар
Абҳо - энг шукуҳли, энг шон-шуҳратли
анқо - афсонавий ноёб қуш
амин - ишончга эга бўлиш
арз - ер, замин
асфиё - сайланмиш зотлар, сайланган
ашрор - шарирлар, бадкирдорлар
Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин – Оламларнинг Рабби бўлмиш Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин
ағёр - душманлар, ётлар, ёрга қарши бўлганлар
асҳобалар - яқинлар, содиқ издошлар
азамат - улуғворлик, буюклик
Б
Билқис - Яман юрти ва маликасининг номи, Сабо, Шиба ҳам дейилади
ботил - фойдасиз, пуч, хато
ботин - ички, ичидан
безавол - ўчмас, ўлмас, сўнгсиз, туганмас
беҳишт - жаннат
бениҳоя - чек-чегарасиз
В
вожиб - албатта ижро этилиши лозим бурч
ворид - кирмоқ, дохил
Г
гина - кек тутмоқ, ғаш
гўша - маскан, маъво
ганж - қимматбаҳо тош, бойлик
Д
дохил бўлмоқ – кирмоқ
дудоқ - лаб
Ж
жабарут - илоҳий анбиёлар макони, юксаклик
жавҳар - моҳият
жамол - чирой
жаҳд - саъй-ҳаракат қилмоқ
жоҳил - билимсиз, нодон
Жалол - шон, шуҳрат, шан
З
залолат - гумроҳлик, адашмоқлик
зоҳир - ташқи, сиртдан
зиллат - камситилиш, хўрлик
зулмат - қоронғулик
забаржад - олтин ва зангори рангли қимматбаҳо тош
заҳмат - ташвиш
завол - йўқ бўлмоқ
И
иддао - даъво этмоқ,
инқитоъ - халос бўлиш, кўнгил боғламаслик, кўнгил узиш
исёнкор - исён кўтарувчи, норозилик кўрсатувчи
истисно - фақат шундан ташқари
ижозкор - ажойиб, мўъжаз, эъжозкор
К
кўланка - соя
кабир - буюк, катта
Л
ломакон - аввали ва охири йўқ маконсизлик, ҳудудсизлик, илоҳият
лоязол - абадий, азалсиз
латиф - нозик
лаҳн - овоз оҳанги
М
Мақсуд - қалб истаги, кўнгил мақсади
малакут - илоҳий самовот, юксак малаклар гўшаси, юксак самовий олам
матлуб - кўнгил истаги
Маъбуд - ибодатга лойиқ Зот
маъюс - умидни ва ишончни йўқотмоқ ҳолати
маҳфуз - ҳифз ва ҳимоя остида
мунис - яқин дўст
мунислик - яқин ишончли муносабатда бўлишлик, ҳамсуҳбатлик
Муҳаймин-ул Қайюм - бало қазода мададкор ва абадий бирубор
мушк-анбар - хушбўйлик, атир ҳиди
матлаб - мақсад
мазлум - хўрланган
машриқ - қуёш чиқар жой
мутавозеъ - такаббурлик ва манманликнинг акси бўлган сифат
муқаррар - аниқ
мухолиф - ёт, қарама-қарши
мақбул - маъқул, яхши
муҳташам - ҳашаматли
мутаносиб - мос
мужда - хушхабар
мискин - бечора, фақир
маҳв - ўлим, йўқлик, нобудлик
Н
нор - дўзах оташи
нашъа - хушҳоллик
О
ораз - вужуд нурларининг мазҳари
оний - бир сониялик, бир онлик
Р
Рафиқ - дўст, маҳрам
ридо - узун уст кийими
розилик - қаноат қилиш, бор нарса билан рози бўлиш
ризвон - жаннат боғи
риё - алдов, хиёнат
ружуъ - муккасидан тушмоқ, боғланмоқ
С
салсабил - беҳишт чашмаси
сарроф - яхшини ёмондан ажрата олувчи, нарса қийматини баҳоловчи, заршунос
сафо - руҳий айш
Садратул Мунтаҳо - йўл охирида ундан кейин йўл йўқлигини белгиловчи дарахт, инсоний онг ва тафаккур ета олмайдиган Илоҳий Зуҳур мақомини англатадиган рамз
соғар - қадаҳ, май солинадиган пиёла ёки идиш, орифнинг қалби
Соқий - маърифат, ҳақиқат бодасини улашувчи, барча мавжудотга файз берувчи, сархушлик улашувчи манбадир.
сайқал - тоза ялтирагунга қадар ишлов бериш
субҳоний - муқаддас
соҳа - ҳузур
сармоя -инвестиция
Т
Таборакаллоҳу аҳсанул ҳолиқин - Оллоҳга, Мукаммал Холиққа санолар бўлсин.
тавҳид - Оллоҳдан бошқа Илоҳ йўқлигига гувоҳлик бергувчи Қуръон калимаси
таслим - бас қилиш, ўзни тийиш
толиб - изланувчи
тавоф - зиёрат мақсадида эҳтиромли айланиш
таҳликали - хавфли
У
уфқ - горизонт
ун - сас, овоз
Ф
фирдавс - жаннат
фироқ - айрилиқ
фиғон - дод, нола, йиғи
фориғ - озод
Ш
ширк - худога шериклик қўшганлар
шаҳват - жисмоний хоҳиш ҳавас
шабнам - шудринг, кечаси гул баргида пайдо бўладиган томчи сув
шаън - ғурур
шажара -дарахт
шарир - ёмон иш қилувчи
Ҳ
ҳудҳуд - қуш, унинг орқали Сулаймон ўзининг суюклиси Билқис маликасига мактуб юборган
ҳирс - нафсни тия олмаслик
Қ
Қоф - Кўҳи Қоф, афсонавий тоғ, анқонинг гўшаси
қурб - яқинлик
қудсий - муқаддас
қашқир - бўри
қоний - қаноат қилмоқ
қабиҳ - пасткаш
Ғ
ғано - сарват, ирфоний бойлик
ғафлат - бепарволик, била-кўра туриб тушунмаслик, эътиборсизлик
ғубор - чанг-тўзон, ифлослик
Ғулом - ёш йигит
ғофил - руҳан уйқуда ётмоқ, бепарво
ғаний - бой
ғилоф - қин
Found a typo? Please select it and press Ctrl + Enter.