Литература

Ниҳон калималар

Форс тилидан

Баён этгувчи Қудратли Парвардигор номи билан!

1. Эй, идрок ва қулоқ соҳиблари!

Маҳбубнинг аввал нидоси ушбудир: Эй маънавий булбул! Руҳий гулшандан ўзга жойни дема! Эй ишқ Сулаймони элчиси ҳудҳуд! Билқис ёр ватанидан ўзга гўша излама. Эй боқий анқо! Вафо Қофидан бошқа тоғда яшама; гар мақоминг тилагига эришмоқ бўлсанг ва жонинг қанотида ломаконга парвоз этсанг, ўшал сенинг маконингдур.

2. Эй, Руҳ ўғли!

Ҳар қуш ўзига ошён излар, ҳар булбулнинг мақсуди - гулнинг жамоли, бандалар қалбининг қушлари эса, фоний тупроққа қаноат қилиб, боқий ошёндан узоқланмишдир. Олислик ботқоғига кўз тикиб, илоҳий яқинлик гулларидан маҳрум бўлмишдир. Эссиз, ҳайрат-у, ҳасрат, афсуским, улар, бир пиёладаги қултумни деб, Рафиқи Аъло дарёси мавжларидан юз ўгирмишлар ва Абҳо уфқидан узоқланмишлар.

3. Эй, дўст!

Қалбинг боғида ишқ гулидан ўзгасин экма, муҳаббат-у, шавқ булбулининг соясини ҳеч тарк этма. Аброрлар суҳабатини ғанимат бил ва ашрорлар даврасидан қўл ва кўнгил ҳар иккисин узгил.

4. Эй, инсоф ўғли!

Қайси ошиқ ўз маъшуғи ватанидан бошқа томонга отлангай? Қайси толиб ўз матлубидан йироқда роҳатлангай? Содиқ ошиқ учун ҳаёт висолдир, ўлим эса, фироқ. Унинг кўкраги сабрдан холи, қалби эса оромдан. Жонон куйига етишиш учун, у, юз минг жондан воз кечгусидур.

5. Эй, хок ўғли!

Чиндан айтурман, кимки беҳуда тортишар экан ва ўзини биродаридан устун тутар экан, инсонлар орасида энг ғафлатда қолганлардандир. Айтгин: Эй биродарлар! Сўзлар эмас, амаллар сизга зийнат бўлсин.

6. Эй, арз ўғлонлари!

Шуни чин билингким, гарддай ҳасад ғубори бор қалб Менинг боқий жабарутимга етолмагай ва Менинг муқаддас малакутимдан эсаётган қудсий мушк-анбарлардан туёлмайгай.

7. Эй, муҳаббат ўғли!

Сен энг юксак яқинлик мақоми ва самовий ишқ дарахтидан биргина қадам нарида турибсан. Биринчи қадамни бос ва кейинги қадам ила ўлимсизлик оламига ўт ва беҳишт чодирига кир ва Иззат қалами неки нозил этган бўлса, ўшанга қулоқ тут.

8. Эй, иззат ўғли!

Муқаддаслик йўлида чаққон бўл ва Менинг-ла мунислик фалакларига қадам қўй, қалбингни руҳ сайқали ила поклаб, улуғворлик даргоҳига талпин.

9. Эй, ўткинчи соя!

Қурқув-шубҳанинг тубан поғоналаридан кечиб, ишонч қоялари юксаклиги даражасига кўтарил. Ҳақиқат кўзини оч, токи, ошкора пардасиз Жамолни кўрурсан ва айтурсанким: Таборакаллоҳу аҳсанул ҳолиқин.

10. Эй, нафсу ҳаво ўғли!

Қулоқ солгин: фоний кўз боқий жамолни таниёлмайди, ўлик қалб эса, сўлик гулдан ўзгаси билан машғул бўлолмайди. Зеро, ўхшаш ўхшашга интилади ва ўзи кабилар билан улфат бўлади.

11. Эй, тупроқ ўғли!

Жамолимни кўрмоқ бўлсанг кўр бўл; майин овозим оҳангини эшитмоқ бўлсанг кар бўл; илмим насибасидан олмоқ учун нодон бўл; боқий бойлигим баҳридан безавол  қисматга  эришмоқ  учун  фақир  бўл.  Кўр  бўлмоқ,  яъни,  Менинг Жамолим  мушоҳадасидан  бошқа  барча  нарсалар  учун;  кар  бўлмоқ,  яъни, Менинг каломимдан бошқасини эшитмаслик учун; нодон бўлмоқ, яъни, менинг билимимдан бошқасидан халос бўлишдир; токи ойдин нигоҳ, соф қалб ва эътиборли қулоқ билан муқаддаслигим даргоҳига дохил бўлғайсан.

12. Эй, икки кўз соҳиби!

Бир кўзингни юмгину, бошқасини оч. Кўзингни юм, яъни, дунё ва ундаги жамийки нарсаларга. Кўзингни оч, яъни, Маҳбубнинг қудсий Жамолига.

13. Эй, Менинг фарзандларим!

Қўрқаманким, самовий Кабутар нағмасининг файзини эшитмасданоқ, фано диёрига қайта ғарқ бўлурсизлар ва гул жамолини кўрмасданоқ, суву гилга қайтурсизлар.

14. Эй, дўстлар!

Фоний Жамолни деб боқий Жамолдан воз кечманг ва тупроқ дунёсига кўнгил боғламанг.

15. Эй, Руҳ ўғли!

Шундай  вақт  келадики,  қудсий  булбул  ўз  сирли  маъноларини  баён  қилмай қўяди ва барингиз раҳмоний нағма ва субҳоний нидодан маҳрум бўлурсизлар.

16. Эй, ғафлат жавҳари!

Юз минглаб маънавий тиллар бир нутқда изҳор бўлур ва юз минглаб ниҳон сирлар бир оҳангда ошкор бўлур. Ҳайҳот, уларни эшитадиган бирон қулоқ йўқ, уларни идрок этадиган бирон қалб йўқ.

17. Эй, йўлдошлар!

Ломакон дарвозалари кенг очилмиш ва маҳбуб диёри ошиқлар қони билан безалмишдир, илло, айримларни истисно қилганда, ҳамма ушбу самовий шаҳардан маҳрумдир ва ҳатто, шу айримларнинг орасида ҳам, пок қалб ва муқаддас руҳ эгалари янада камчиликни ташкил этади.

18. Эй, аъло фирдавс аҳли!

Эътиқод аҳлига хабар берингким, самовий жаннат яқинидаги муқаддаслик аршида янги боғ пайдо бўлди. Бу боғ атрофини жамийки олий соҳа қавми ва ўлмас жаннат аҳли тавоф этурлар. Жаҳд қилингким, бу мартабага етишгайсиз ва ишқ сирларини унинг лолаларида очгайсиз ва илоҳий етуклик ҳикматлари меваларидан тотгайсиз. Унга дохил бўлиб, у ерда истиқомат қилаётганларнинг кўзлари тасалли топгай.

19. Эй, Менинг дўстларим!

Сиз ўша нурли субҳи-содиқда, фирдавси-азимда экилмиш ҳаёт дарахти сояси остидаги муқаддас ва муборак муҳитда ҳузуримда йиғилганингизни унутдингизми? Уч пок калима буюрганим кезда, сиз уни эшитиб, ҳайратдан донг қотдингиз: Эй дўстлар! Ўз ризолигингизни Менинг ризолигимга ихтиёр этманг. Сиз учун нимаики тиламадим, ҳаргиз уни тиламанг. Дунёвий эҳтирослар, орзу-ҳаваслар билан булғанмиш ўлик қалблар билан Менинг олдимга яқинлашманг. Гар ўз кўксингизни покласангиз, ўша муҳит ва фазо шу ондаёқ хотирга тушар ва баёним ҳақлиги ҳар бирингизга маълум бўлар.

Жаннат бешинчи Лавҳининг саккизинчи муқаддас сатрида, У шундай фармойиш этади:

20. Эй, мурда каби ғафлат тўшагида ётганлар!

Асрлар ўтиб кетди ва қимматли умрларингиз охирлаб қолди, лекин, сиздан Бизнинг муқаддаслик соҳамизга бирон-бир пок нафас етиб келмади. Ширк денгизларига ғарқ бўла туриб, тавҳид калимасини тилга келтирарсиз. Менинг севмаганимни севиб, душманимни ўзингизга дўст тутмишсиз. Менинг еримда шод ва хуррам юра туриб, билмайсизки, заминим сиздан безор ва ердаги барча ашёлар сиздан қочадир. Гар кўзингизни очсангиз эди, ҳақиқатда, юз минг ғам- ғуссани бундай севинчдан хушроқ кўрардингиз ва ўлимни бундай ҳаётдан яхшироқ санардингиз.

21. Эй, ҳаракат этувчи хок!

Мен сенга мунисман, аммо, сен Мендан маъюссан. Исён қиличи умидинг дарахтини кесиб ташлади. Ҳар онда Мен сенинг ёнингдаман, сен эса, барча ҳолларда Мендан йироқдасан. Мен сен учун безавол иззатни ихтиёр этдим, лекин, сен ўзинг учун чексиз зиллатни танладинг. Ҳали вақт бор: қайтгин ва фурсатни қўлдан бой бермагин.

22. Эй, ҳою-ҳавас ўғли!

Аҳли дониш ва ҳикмат эгалари йиллар давомида меҳнат қилдилар, лекин, Шавкатлининг висолига етолмадилар; умрлар бўйи Уни изладилар, лекин Унинг орази жамолининг дийдорини кўролмадилар. Сен эса, меҳнат қилмай манзилга етдинг ва изланишсиз матлабга эришдинг. Бутун бу мақому мартабаларга етганингга қарамай, нафсинг ҳижобига чунон ўралгансанким, кўзинг Дўст жамолига   тушмади   ва   қўлинг   Ёр   ридо си   эт агига   тегмади.   Бундан таажжубланинг, эй кўз соҳиблари!

23. Эй, ишқ диёри аҳли!

Фоний шамоллар боқий шамни қуршамоқда ва руҳоний Ғуломнинг чиройи ғуборли зулмат қоронғулигида пинҳон қолмоқда. Ишқ султонларининг султони золимлар қўлида мазлум ва қудсий Кабутар бойқушлар чангалида гирифтор. Шавкат чодирининг жамийи аҳли ва самовий қавмлар зор-зор йиғлаб, оҳ урарлар, сиз эса камоли роҳат ила, ғафлат арзида истиқомат қилуриз ва ўзингизни холис дўст деб ҳисобларсиз. Сизнинг хом-хаёлларингиз қанчалик ботилдир!

24. Эй, олим деб ном чиқарган жоҳиллар!

Ботинда  қўйларим  подасига  кўз  тикмиш  қашқирлар  бўла  туриб,  не  учун зоҳирда чўпонликка иддио этурсиз? Сиз зоҳирда порлоқ бўлиб кўринса-да, Менинг шаҳрим ва диёрим карвонларини йўлдан оздириб, унинг ҳалокатига сабаб бўладиган чўлпон юлдузи кабисиз.

25. Эй, зоҳири ораста, аммо, ботини нопоклар!

Сиз соф бўлса-да, тахир сув кабисиз; унинг кўриниши мусаффо ва зилол бўлса- да, лекин Илоҳий Тот Синовчи унинг бир томчисини ҳам қабул қилмас. Ҳа, офтоб  нури  кўзгуга  ҳам,  хокка  ҳам  бир  хил  тушади,  аммо,  уларнинг  акс эттиришдаги фарқи ер ва юлдуз ўртасидаги каби; ҳолбуки, уларнинг ўртасидаги фарқ бениҳоядир.

26. Эй, Менинг тилда дўстим!

Бир қадар мулоҳаза эт. Ёр ва ағёрнинг бир кўнгилда сиғишганини ҳеч эшитганмисан? Шундай экан, ағёрни қувким, Ёр ўз уйига кирсин.

27. Эй, тупроқ ўғли!

Жамолим ва Жалолим манзили қилиб тайинлаганим қалблардан бошқа, кўкдаги ва ердаги барча нарсани сенинг учун муайян этдим. Сен эса, Менинг манзилим ва  яшаш  жойимни  бошқага  бердинг.  Ҳар  замонки,  муқаддас  зуҳурим  ўз маконига келмоқ истаганда, у ерда бегонага дуч келди, уйсиз ва бошпанасиз қолиб, қайтадан жонон маконига талпинди. Шундай бўлса-да, буни яширдим, сирингни очмадим ва сенинг хижолат чекишингни хоҳламадим.

28. Эй, ҳою-ҳавас жавҳари!

Неча саҳарлар ломакон машриғидан сенинг манзилингга келдим ва сени роҳат тўшагида Мендан ўзгага машғул кўрдим. Ва чун руҳ яшини каби иззат самовотига қайтдим ва яқинлик маконларидаги қудсий қўшинларим олдида ун чиқармадим.

29. Эй, саховат ўғли!

Амрим лойи ила, адам-йўқлик саҳросидан сени бор этдим. Мавжудликдаги ҳар зарра-ю, яралмишнинг буткул моҳиятини сенинг тарбиянг учун тайинладим. Чунончи, ҳали она қорнида эканлигингда, сен учун икки мунир сут чашмасини муқаррар этдим, ҳамда, сени ҳимоялаш учун кўзлар ёлладим ва сени севмоқликни дилларга солдим. Ўз саховатимдан, сени раҳматим кўланкасида парвариш айлаб, фазл-у, раҳмат жавҳари билан ҳимояладим. Буларнинг ҳаммасидан мақсадим, сенинг доимий жабарутимга киришинг ва кўринмас марҳаматимга сазовор бўлишинг эди. Сен ғофил эса, балоғатга етиб, барча неъматларимга бепарво бўлдинг, ўз ботил хаёлларингга берилиб, буларнинг ҳаммасини унутдинг, Дўст дарвозасидан юз ўгириб, душман айвонидан манзил ва маскан топдинг.

30. Эй, бу дунё бандаси!

Неча марталаб саҳар чоғида иноятим шабадаси сенинг узра эсди ва сени ғафлат тўшагида уйқуда кўрди ва сенинг бу ҳолингга йиғлабон, қайта кетди.

31. Эй, ер ўғли!

Гар Мени истасанг, Мендан ўзгани дема. Гар Жамолимни кўрмоқ бўлсанг, дунёдаги бор нарсага кўз юм, зеро, Менинг иродам ва ўзганинг иродаси, сув ва оташдек, бир кўнгил ва қалбда сиғмас.

32. Эй, Ягонага бегона!

Қалбинг чироғи Менинг қудратим қўли ила ёқилгандир, уни нафсу-ҳавонинг мухолиф еллари ила сўндирма. Сенинг барча иллатларинг табиби Менинг зикримдир,  буни  унутма.  Муҳаббатимни  ўзинг  учун  сармоя  эт,  уни  кўз қорачиғи-ю, жонингни азиз айлагандек сақла.

33. Эй, биродарим!

Ширин тилимнинг нозанин сўзларини эшит ва тотли дудоғимнинг маънавий муқаддаслик чашмасидан ич. Яъни, Менинг илоҳий ҳикматим уруғларини қалбинг пок заминига сепгин ва уларни ишонч сувлари билан суғоргинки, илм- у, ҳикматим сунбуллари сенинг қалбинг муқаддас шаҳрида униб чиқсин ва кўкарсин.

34. Эй, Менинг фирдавсим аҳли!

Сизнинг муҳаббатингиз ва дўстлигингиз ниҳолини меҳрибонлик қўли ила муқаддас жаннат боғида экдим ва уни марҳаматим ёмғирлари билан суғордим. Ҳосилга киргани дамда, уни жаҳд ила ҳимоя қилингким, то шаҳват-у, ҳавас алангаси остида куймасин.

35. Эй, дўстларим!

Залолат чироғини ўчиринг ва абадий ҳидоят машъалларини ўз кўнглингизда ёндиринг. Зеро, кўп ўтмай, одамзотни синовчилар Маъбуд ҳузурида холис тақво ва пок амаллардан бошқа ҳеч нарсини қабул этмаслар.

  1. 36. Эй, тупроқ ўғли!

Донолар, уларким, то эшитгувчи топмаса оғиз очмайди. Чунончи, соқий талаб бўлмагунича соғар узатмайди ва ошиқ ёр жамолига етмагунича жону-дилдан ҳайқирмайди.  Демак,  донолиг-у,  илм  уруғларини  қалбнинг  покиза  заминига сепиб, уларни ниҳон қилингким, илоҳий донолик сунбуллари гилу-лойдан эмас, юракдан униб чиқсин. Лавҳнинг  биринчи  сатрида  ушбу  қайд  этилиб  ёзилган  ва  илоҳий муқаддас чодирда ниҳон қилингандир:

37. Эй, бандам!

Оний лаззат деб абадий салтанатни қўлдан кеткизма ва шаҳват деб фирдавс шаҳан-шоҳлигини қўлдан бой берма. Будир Раҳимли Илоҳ қалами чашмасидан оқаётган оби ҳаёт; ундан ичаётганлар саодатманддир.

38. Эй, Руҳ ўғли!

Қафасни синдир ва ишқ хумоси каби муқаддас самога парвоз эт. Нафсингдан кеч ва Раббнинг қудсий фазосида раҳмоний нафас-ла оромлан.

39. Эй, кул ўғли!

Бир кунлик роҳат билан қаноатланиб, абадий безавол роҳатдан кечма. Абадий боқий сафо гулшанини фоний тупроқ гулханига алмаштирма. Зиндонингдан чиқиб, жоннинг хуррам чаманларига юксал ва ўлимли қафасдан ломаконнинг дилкаш ризвонига хиром айла.

40. Эй, бандам!

Дунё кишанларидан ўзингни халос айла ва нафс зиндонидан руҳингни озод эт. Вақтни  ғанимат  бил,  зеро-ки,  бу  вақтни  бошқа кўрмагайсан ва  бу  замонни ҳаргиз топмагайсан.

41. Эй, канизам фарзанди!

Гар боқий салтанатни кўрганингда эди, бу фоний дунёни жиддият билан ташлаб кетардинг. Лекин, у олам пинҳонлигининг ҳикматлари ва бу олам жилвали кўринишининг рамзлари борки, буни қалби поклардан бошқа ҳеч ким идрок этолмас.

42. Эй, бандам!

Қалбни гинадан покла ва ҳасадсиз бир ҳолда илоҳий муқаддаслик даргоҳига хиром айла.

43. Эй, дўстларим!

Дўст розилиги йўлидан юринг, Унинг розилиги Унинг бандаларининг розилигидадир, яъни, дўст дўстнинг уйига унинг розилигисиз кирмас ва унинг молига қўл чўзмас; ўз истагини дўстининг истагидан устун тутмас ва ҳеч бир ишда ўзини ундан устун санамас. Пас, тафаккур этинг, эй идрок соҳиблари!

44. Эй, тахтим рафиқи!

Ёмонликни эшитма ва ёмонликни кўрма; ўзингни камситма ва нолалар қилма. Ёмонликдан сўз очмаким, у ҳам сенга айтилмасин; бошқалар айбини катталаштирмаким, ўз айбинг катта кўринмасин. Ҳеч кимнинг зиллатини раво кўрма, то сенинг зиллатинг фош бўлмасин. Шунда, пок бир юрак, тоза бир қалб, муқаддас бир кўнгил ва соф виждон ила бир лаҳзадан-да қисқа бўлган умринг айёмини ўтказгинки, озод ва маъсуд бир ҳолда, ушбу фоний жасаддан маънавий фирдавсга қайтарсан, ҳамда, абадий малакутда яшарсан.

45. Афсус-афсус, эй ҳою-ҳавас ошиқлари!

Руҳий Маъшуқ ёнидан яшин тезлигида ўтиб кетдингиз ва шайтоний хаёлларга қаттиқ  кўнгил  боғладингиз.  Хом-хаёлга  сажда  қила  туриб,  уни  ҳақ  деб атадингиз. Тиканга боқа туриб, уни гул деб номладингиз. Сиздан на бир соф нафас келди ва на кўнгил боғларидан бир инқитоъ шабадаси эсди. Маҳбубнинг шафқатли насиҳатларини шамолга совуриб, қалб саҳифаларидан бутунлай маҳв этдингиз ва ҳайвонлар каби шаҳват ва ҳавас ўтлоқларида айшу-ишрат қилмоқдасиз.

46. Эй, йўлдаги ҳамроҳлар!

Нега нигорни ёдга олишдан ғофил қолдингиз ва ёрга яқинликдан ўзингизни йироқ  тутдингиз?  Гўзаллик  моҳияти  бемисол  чодир  ичра  шонли  тахтида ўтирган  бир  пайтда,  сиз  ҳою-ҳавасларингизга  буйсуниб,  бўш  тортишувлар билан машғулсиз. Муқаддаслик мушки-анбари таралмоқда ва саховат шабадаси эсмоқда, сиз эса, тумоққа мубтало бўлиб, буларнинг баридан маҳрумcиз. Ҳасрат сизларга, орқангиздан келаётганларга ва изингиздан бораётганларга!

47. Эй, орзу-ҳавас болалари!

Такаббурлик ридосини ечинглар ва мағрурлик либосини улоқтиринглар! Ёқут Лавҳида қайд этилган ва ёзилган муқаддас сатрларнинг учинчисида ниҳон Қалам билан ушбу нозил бўлмишдир:

48. Эй, биродарлар!

Бир-бирингиз билан муросали бўлинглар ва дунёдан кўнгил узинглар. Иззатдан ғурурланманг ва зиллатни ор билманг. Жамолим ила онт ичаман! Ҳар нарсани тупроқдан яратдим ва тупроққа қайтаражакман.

49. Эй, хок фарзандлари!

Бойларни фақирларнинг саҳаргоҳдаги оҳ-нолаларидан хабардор этинг, мабодо, ғафлатларидан ҳалокатга учраб, Ғано дарахтидан бенасиб қолмасинлар. Саховатлилик ва эҳсон қилиш Менинг сифатларимдандир. Хосиятим-ла безанган инсонга саодат бўлур.

50. Эй, ҳою-ҳавас моҳияти!

Ҳирсни қўй ва қаноатли бўл, чунки тамаъгир доимо маҳрум бўлур, қаноатли эса, севилмиш ва мақбулдир.

51. Эй, канизам ўғли!

Фақирликдан изтиробга тушма ва бойликдан хотиржам бўлма, зеро, ҳар фақирлик кетидан бойлик ва ҳар бойлик кетидан фақирлик келар. Лекин, Оллоҳдан бошқа барча нарсада фақир бўлмоқ улуғ неъматдир; буни ҳақирлик билма, чунки, оқибатда илоҳий ғанийлик очилар. Бу мақомда, «ҳақиқатда фақирсиз», дейилмишнинг маъносини биларсан ва «энг бадавлат Оллоҳдир» муборак сўзлари ошиқ қалби уфуқинда субҳи-содиқ каби чароғон порлаб, нурафшон ва ошкор бўлар ва бойлик тахтида қарор топар.

52. Эй, ғафлат ва ҳою-ҳавас ўғиллари!

Душманимга Менинг уйимга киришига йўл бердингиз ва дўстимни қувдингиз, чунончи, Мендан ўзганинг севгисига юрагингизда жой бердингиз. Дўстнинг баёнини тингланг ва Унинг ризвонига талпининг. Дунёвий дўстлар ўз манфаатини кўзлаб бир-бирини дўст тутади, валекин, ҳақиқий Дўст сизларни ўзингиз учун севган ва севади.  Ахир, У сизга раҳнамолик қилиш учун, чексиз балоларни қабул айлади. Ушбу Дўстга бевафолик қилманг ва унинг куйига ошиқинг.   Исмлар  молигининг   қалами  уфқидан  чиққан  садоқат-у, вафо калимасининг офтоби будир. Муҳайминул Қайюм Оллоҳ каломини эшитмак учун қулоқларингизни очинг.

53. Эй, фоний бойлик билан мағрурланганлар!

Билингларки,  бойлик  бу  толиб  ва  матлуб,  ошиқ  ва  маъшуқ  ўртасидаги мустаҳкам бир тўсиқдир. Бадавлат киши, ҳаргиз, Оллоҳ қурбига ворид бўлолмас, розилик ва таслим шаҳрига киролмас, магар, истисноси жуда оз. Шундай бир бадавлат инсонга саодат бўлурки, бойлик унга мангу салтанатга кирмоғига тўсиқ бўлмаган ва уни абадий ғанийликдан маҳрум этмаган бўлса. Исми Аъзам ҳақи онт ичаман! Қуёш ер аҳлини ёритгани каби, ушбу ғанийнинг нури самовот аҳлини ёритгай.

54. Эй, ер юзининг бадавлатлари!

Фақирлар,  бу,  Менинг  сизнинг  орангиздаги  омонатимдир,  пас,  омонатимни яхши сақланг ва тамоман ўз нафсингиз роҳатини кўзлаш билан машғул бўлманг.

55. Эй, нафс-ҳаво ўғли!

Бойлик киридан поклан ва комил бир осойишталик билан фақирлик фалакларига қадам қўйки, инқитоъ чашмасидан мангу ҳаёт майини ичурсан.

56. Эй, ўғлим!

Диёнатсизлар билан бўлган муносабат ғамни кўпайтирар, тақводорлар суҳбати дилни зангдан тозалар. Ҳар ким Худо билан яқин мулоқот истар, Унинг ҳабибларига мунис бўлсин ва ҳар ким Оллоҳнинг каломини эшитмоқ бўлса, Унинг асфиёлари каломларини тингласин.

57. Эй, тупроқ ўғли!

Зинҳор ашрорлар билан улфат бўлма ва уларга мунис бўлма, чунки бундай муносабат қалб нурини жаҳаннам оташига айлантиради.

58. Эй, канизамнинг ўғли!

Гар Руҳулқуддус файзини излаётган бўлсанг, тақводорлар билан муносабатда бўл, зероки, аброрлар боқий ҳаёт қадаҳини мангу Соқий қўлидан ичмишлар ва ўлик дилларни субҳи содиқ каби жонлантириб, ёритарлар.

59. Эй, ғофиллар!

Гумон этмангки, юрак сирлари яшириндир, ҳатто, аниқ билингки, улар аён ҳарфлар билан ўйиб битилган ва муқаддас ҳузурда очиқ-ошкордир.

60. Эй, дўстлар!

Ҳақиқатни айтарман, юракларингда яширган ҳамма нарса, Биз учун ёруғ кун каби ойдин ва ошкордир. Лекин, бунинг яширин қолиши сабаби, сизнинг лойиқлигингиздан эмас, аксинча, Бизнинг фазл ва илтифотимиздандир.

61. Эй, инсон ўғли!

Раҳматим денгизи теранликларидан бир шабнамини олам аҳли узра тўкдим, лекин, унга юз тутган ҳеч кимсани топмадим. Ҳамма тавҳиднинг латиф боқий шаробини қўйиб, ифлос чиқинди сув томон бурилибди, ва боқий жамол қадаҳини рад этиб, фоний коса билан кифояланибди. Не жирканчдир қаноат топганлари.

62. Эй, тупроқ ўғли!

Лоязол Маҳбубнинг бемисол шаробидан кўзни узма, фоний ва буланиқ шаробга назар солма. Аҳадият Соқийсининг қўлидан абадий ҳаёт қадаҳини олгинки, тамомила ҳушёр бўлурсан ва ғайб оламидан чорловчи маънавий нидога қулоқ солурсан. Айт, эй тубан зотлар, не учун Менинг муқаддас ва боқий шаробимдан юз ўгириб, фоний сувга ружуъ қўйдингиз?

63. Эй, замин аҳли!

Аниқ билингким, кутилмаган бало ортингиздан келяпти ва оғир бир жазо сизни кутмоқда. Барча қилмишларингиз назаримдан ғойиб бўлган деб ўйламанг. Йўқ. Жамолим ҳақи онт ичаман! Сизнинг бутун амалларингиз забаржад лавҳаларида Менинг қаламим ила аниқ ҳарфлар билан ўйиб ёзилгандир.

64. Эй, ер юзининг золимлари!

Зулмкорликдан қўл тортинг, онт ичаманки, ҳеч кимнинг бирон зулмини кечмасман. Бу Менинг аҳдим, Мен уни маҳфуз лавҳда муқаррар ўрнатдим ва Иззат муҳри билан тамғаладим.

65. Эй, исёнкорлар!

Тоқатим сизга шу қадар журъат бағишламиш ва Сабрим сизни шундайин ғафлатга келтирмишким, нори нафс отига миниб, хатарли ва таҳликали сўқмоқлардан қайғусиз чопаётирсиз. Гўё, Мени ғофил ва бехабар деб биласиз.

66. Эй, муҳожирлар!

Тил Мени зикр этмоқ учундир. Уни ғийбат ила булғаманг. Гар худбинлик оташи ғалаба қилса, Менинг бандаларим айблари билан эмас, ўз айбларингизни хотирлаш билан машғул бўлинг, зеро, ҳар бирингиз ўз нафсингизни Менинг бандаларим нафсидан кўра яхшироқ танийсиз.

67. Эй, ваҳму-гумон ўғиллари!

Билингки, абадий муқаддаслик уфқининг тонги отганда, сизнинг тун зулматида қилинмиш шайтоний амалларингиз сирлари очилар ва бутун оламга ошкора бўлар.

68. Эй, тупроқдан чиққан ёввойи ўт!

Нима учун ширага буланмиш қўлингни ўз либосингга урмайсан-у, лекин шаҳват касофати билан булғанган дил билан Менинг мулоқотимни излайсан ва Менинг м у қ а д д а с   ма м л а катл а р и м г а   й ў л   то п м о қ   и с т а й с а н ?   Ҳ а й ҳ от,   ҳ а й ҳ от, истагингиздан қанчалик узоқдасиз!

69. Эй, Одам фарзандлари!

Муқаддас калималар, ҳамда, пок ва эзгу амаллар иззат самосига юксалар. Жаҳд қилингким,  амалларингиз  нафс  ва  риё  ғуборидан  покланиб,  иззат  соҳасида қабул  бўлсин,  чунки,  тез  орада  инсонларни  синовчи  саррофлар  Маъбуд ҳузурида холис, тақволи ва пок амаллардан бошқа ҳеч бир нарса қабул қилмаслар. Раббнинг ирода уфқида порлаган ҳикмат ва маъно офтоби будир. Унга юз ўгирганлар саодатманддир.

70. Эй, айшу-ишрат ўғли!

Хуш  бир  оламдир  борлиқ  олами,  гар  унга  дохил  бўлсанг.  Муҳташам  бир мулкдир абадият мулки, гар фоний дунёни ортда қолдира билсанг. Мастлик нашъаси ширин бир нашъадир, гар илоҳий Ғулом қўлидан маъно қадаҳини ичсанг. Ва агар, бу мартабаларга нойил бўла олсанг, унда йўқлик ва нобудлик, заҳмат ва гуноҳдан озод бўлурсан.

71. Эй, дўстларим!

Муборак Замон атрофидаги Форон Тоғида, Менинг билан боғлаган аҳдни хотирланг. Само лашкари ва боқий шаҳар асҳобаларини ўша аҳдга шоҳид тутгандим. Эндиликда, бу аҳдга содиқ қолган бирон кимсани кўрмадим. Ғурур ва исён уни қалблардан маҳв этдики, ундан асар ҳам қолмади. Буларни билатуриб, Мен сабр этдим ва изҳор этмадим.

72. Эй, бандам!

Сен бамисоли ғилоф қоронғилигида яширин қолган, моҳирона ишланган шамширсан. Шу сабаб, унинг қадри саррофларнинг кўзидан яшириндир. Нафс- ҳаво ғилофидан чиқгин, то, сенинг қийматинг олам аҳлига маълум бўлсин.

73. Эй, дўстим!

Сен Менинг муқаддас самоим қуёшисан, ўз нурингни дунё кири билан Мендан тўсма. Ғафлат ҳижобини йиртким, то булутлар ортидан чароғон чиқурсан ва жамийки мавжудотни ҳаёт либосига кийдирурсан.

74. Эй, ғурур болалари!

Неча кунлик фоний салтанатни деб, Менинг боқий жабарутимдан кечаётирсиз ва дунёвий ранг-баранг безакларни тақиб олиб фахрланмоқдасиз. Жамолим билан қасам! Ҳаммангизни бир рангдаги тупроқ чодири остига йиғиб, бу турли рангларнинг  барини  орадан  кўтараман.  Фақат  Менинг  рангимни  деганлар бундан истисно, чунки, у, бошқа барча ранглардан тозалангандир.

75. Эй, ғафлат фарзандлари!

Фоний подшоликка дил қўйманг ва ундан шодланманг. Сиз боғдаги бутоқда тамомила хотиржамлик билан сайраётган бепарво қушга ўхшайсизки, бехосдан Ажал-овчиси уни ерга уриб туширади. Ва на унинг қўшиғидан, ва на суратидан, ва на рангидан асар ҳам қолмайди. Бу сизларга ибрат бўлсин, эй, эҳтирос қуллари!

76. Эй, канизам фарзандлари!

Ҳидоят азалдан сўзларда эди, энди эса амаллардадир. Яъни, ҳар бир инсон муқаддас амаллар ижро этиши керак, чунки, сўзда ҳамма бор, пок ва муқаддас амаллар эса, фақат бизнинг суюклиларимизга хосдир. Пас, ўз  амалларингиз билан бошқалардан ажралиб туриш учун чин дилдан интилинг. Нурли ва муқаддас лавҳда Биз сизга ушбу насиҳатни берамиз.

77. Эй, инсоф ўғли!

Тун пайти боқий Вужуд жамоли зумрадли вафо қояларидан қайтиб, Садратул Мунтаҳо сари йўналди ва нола қилибон йиғладики, юксак само қавми ва малаклар унинг ноласидан қайғуга ботдилар. Сўнгра фиғон ва ноланинг сабаби сўралди.  У  жавоб  айлади:  “Амрга  биноан,  вафо  қоясида  мунтазир  бўлдим, лекин, ер аҳлидан вафодорлик хушбўйлигин туймадим. Сўнг, қайтишга жазм этдим, лоҳазол, бир неча муқаддаслик кабутарларининг ер кўппаклари чангалида қийналаётганини кўрдим”. Шунда, Илоҳий Ҳур ҳижобсиз ва нурафшон ҳолда, ўз маънавий қасридан шошилганича чиқди ва уларнинг исмларини сўради. Жамийи исмлар айтилди, илло, биргина исмдан бўлак. Кейинги қистовлардан сўнг, исмнинг биринчи ҳарфи айтиларкан, самовий ҳужраларининг аҳли ўз иззат манзилларидан отилиб чиқдилар. Иккинчи ҳарфи айтилганда, уларнинг ҳаммаси тупроққа тўкилдилар. Шу пайт, қурб маконидан нидо етди: “Бундан ортиғи жоиз эмас!”. Биз, ҳақиқатдан, уларнинг қандай қилмишлар қилгани ва эндиликда қилаётганининг шоҳидимиз.

78. Эй, Менинг канизам фарзанди!

Раҳмон тилидан оқаётган маънавий салсабил чашмасидан ич ва субҳон баёни машриғидан чиқаётган ҳикмат қуёши нурларини очиқ ва пардасиз кўр. Қалбинг пок заминига илоҳий ҳикматим уруғларини сеп ва уларни ишонч сувлари билан суғор, то қалбинг қуддус шаҳрида илмим ва ҳикматим сунбуллари униб чиқсин ва кўкарсин.

79. Эй, нафс ўғли!

Қачонгача эҳтирослар ҳавосида учажаксан? Сенга қанот иноят этдимки, шайтоний хом-хаёллар фазосигамас, балки, маънавий муқаддаслик ҳавосига парвоз этишинг учун; тароқни марҳамат этдимки, бўғзимни ярадор қилиш учун эмас, балки, мушкин зулфимни тарашинг учун.

80. Эй, бандаларим!

Сиз Менинг боғим дарахтларисиз. Ажойиб ва эзгу мевалар беришингиз керак, токи, ҳам ўзингиз ва ҳам ўзгалар бундан баҳраманд бўлсинлар. Шунинг учун, ҳар бирингиз касб ва ҳунар билан машғул бўлишингиз лозим, зеро, бойлик сабаби шундадир, эй идрок соҳиблари! Чунки натижа асбобга боғлиқ. Оллоҳнинг фазли сизга кифоядир. Мевасиз дарахт оташга лойиқ бўлган ва бўлажакдир.

81. Эй, бандам!

Инсонлар ичидаги энг паст одам, ҳаётини ерда самарасиз кечираётган кимсадир.  Ҳақиқатан,  бундай  кимсалар  ўлик  деб  ҳисобланади,  ва  ҳатто, ўликлар Оллоҳ назарида бу бефойда бекорчилардан афзалроқдир.

82. Эй, бандам!

Инсонларнинг энг яхшиси, бу, Раббил оламин бўлмиш Парвардигор муҳаббати учун ўз меҳнати ва касби билан ҳаёт кечириб, орттирганини ўзига ва оиласига сарфлайдиган кишидир. Баён пардаси орқасида ижозкор ва маънавий Келин пинҳон эди. У Маҳбубнинг жамолидан сочилган порлоқ ёғду каби илоҳий иноят ва Раббоний илтифот орқали ошкор ва намоён бўлди. Гувоҳлик бераманки, эй дўстлар, неъмат тамом бўлди, ҳужжат комил бўлди, исбот зоҳирдир ва далил мустаҳкам. Дигар энди, инқитоъ йўлида сизнинг ҳимматингиз нималар кўрсатажакдир. Шу тариқа, сизларга, ва еру кўкда бўлганларга илоҳий неъмат бутунлай комил бўлди. Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин! (Оламларнинг Рабби бўлмиш Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин!)

Луғат

А

аброр - эзгу ишларни амалга оширгувчилар Абҳо - энг шукуҳли, энг шон-шуҳратли анқо - афсонавий ноёб қуш

арз - ер, замин

асфиё - сайланмиш зотлар, сайланган ашрор - шарирлар, бадкирдорлар

Б

Билқис - Яман юрти ва маликасининг номи, Сабо, Шиба ҳам дейилади ботил - фойдасиз, пуч

ботин - ички, ичидан

безавол - ўчмас, ўлмас, сўнгсиз, туганмас

Г

гина - кек тутмоқ, ғаш

Д

дохил бўлмоқ – кирмоқ

Ж

жабарут - илоҳий анбиёлар макони юксаклик жавҳар - моҳият

жамол - чирой

жаҳд - саъй-ҳаракат қилмоқ жоҳил - билимсиз, нодон

З

залолат - гумроҳлик, адашмоқлик зоҳир - ташқи, сиртдан

И

иддио - даъво этмоқ,

инқитоъ - халос бўлиш, кўнгил узиш

Л

ломакон - аввали ва охири йўқ маконсизлик, ҳудудсизлик, илоҳият лоязол - абадий, азалсиз

М

Мақсуд - қалб истаги, кўнгил мақсади

малакут - илоҳий самовот, юксак малаклар гўшаси, юксак самовий олам матлуб - кўнгил истаги

Маъбуд - ибодатга лойиқ Зот

маъюс - умидни ва ишончни йўқотмоқ ҳолати

маҳфуз - ҳифз ва ҳимоя остида мунис - яқин дўст

мунислик - яқин ишончли муносабатда бўлишлик, ҳамсуҳбатлик

Муҳаймин-ул Қайюм - бало қазода мададкор ва абадий биру-бор

Н

нор - дўзах оташи

О

ораз - вужуд нурларининг мазҳари

Р

Рафиқ - дўст, маҳрам ридо - узун уст кийими

розилик - қаноат қилиш, бор нарса билан рози бўлиш

С

салсабил - беҳишт чашмаси

сарроф - яхшини ёмондан ажрата олувчи, нарса қийматини баҳоловчи, заршунос сафо - руҳий айш

Садратул Мунтаҳо - йўл охирида ундан кейин йўл йўқлигини белгиловчи дарахт, инсоний онг ва тафаккур ета олмайдиган Илоҳий Зуҳур мақомини англатадиган рамз

соғар - қадаҳ, май солинадиган пиёла ёки идиш, орифнинг қалби

Соқий  -   маърифат,  ҳақиқат  бодасини  улашувчи,  барча  мавжудотга  файз  берувчи,

сархушлик улашувчи манбадир.

Т

Таборакаллоҳу аҳсанул ҳолиқин - Оллоҳга, Мукаммал Холиққа санолар бўлсин. тавҳид - Оллоҳдан бошқа Илоҳ йўқлигига гувоҳлик бергувчи Қуръон калимаси таслим - бас қилиш, ўзни тийиш

толиб - изланувчи

Ф

фирдавс - жаннат

Ш

ширк - худога шериклик қўшганлар

Х

ҳудҳуд  -  қуш,  унинг  орқали  Сулаймон  ўзининг  суюклиси  Билқис  маликасига  мактуб юборган

Қ

Қоф - Кўҳи Қоф, афсонавий тоғ, анқонинг гўшаси қурб - яқинлик

Ғ

ғано - сарват, ирфоний бойқий

ғафлат - бепарволик, била-кўра туриб тушунмаслик, эътиборсизлик ғубор - чанг-тўзон, ифлослик

Fулом - ёш йигит

 

Found a typo? Please select it and press Ctrl + Enter.

Консоль отладки Joomla!

Сессия

Результаты профилирования

Использование памяти

Запросы к базе данных